‘Ўлим’ гуруҳида навбатдаги учрашув: Ўзбекистон 0–0 Бирлашган Араб Амирликлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси "Ўлим" гуруҳидаги дастлабки учрашувини ғалаба билан бошлаган, ироқлик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Осиё қитъасидан 2012 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларига тўртта йўлланмадан биттасини қўлга киритиш учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учинчи босқич саралаш учрашувларининг навбатдагисида меҳмонда Бирлашган Араб Амирликлари билан дуранг натижага эришди.

Ҳар икки томонда ҳам бир неча бор рақиб дарвозасини нишонга олишнинг қойилмақом имкониятлари бўлди. Аммо дарвозабонларнинг маҳорати уларга панд берди.

Бу – учинчи босқич саралаш беллашувларининг 2-босқичида Ўзбекистон тушган “В” гуруҳида қайд этилган иккинчи дуранг ҳисобидир.

Шундай қилиб, иккита учрашув ортидан Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси 4 очко билан ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари 2 тадан очко тўплаб, иккинчи ва учинчи ўринларда боришмоқда.

Гуруҳда энг сўнгги ўринни эгаллаб турган Ироқ Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобида эса, битта очко бор.

Ҳозирги босқичда 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун қитъанинг 12 та миллий терма жамоаси кураш олиб боришмоқда.

Бу – ўзбекистонлик футболчилар учинчи босқич саралаш учрашувлари доирасида ўтказаётган иккинчи беллашувдир.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси “Ўлим” гуруҳидаги дастлабки ўйинини ғалаба билан бошлаган, Тошкентда ироқлик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

“В” гуруҳининг кеча бўлиб ўтган бошқа бир учрашувида эса, яна дуранг натижа қайд этилган.

Австралия бу гал Ироққа қарши навбатдаги ўйинини ҳам 0:0 дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Яқинда ФИФА томонидан киритилган тақиққа мувофиқ, икки миллий терма жамоа орасидаги беллашув нейтрал ҳудудда, яъни Қатарда бўлиб ўтганди. (Янги тақиққа мувофиқ, Ироқ 2014 йилги Жаҳон чемпионати ва 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ўзи мезбонлик қилажак барча саралаш босқич учрашувларини нейтрал ҳудудда ўтказади.)

Осиё футболининг наҳангларидан саналган Австралия Олимпия миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларига қарши илк беллашувида ҳам 0:0 дуранг ҳисобига эришганди.

Энди эса, 2012 йилги Ёзги Олимпида Ўйинларида тўп сурмоқчи бўлса, Австралия бор кучини ишга солиши лозим бўлади.

Жорий пайтда Ўзбекистон ўз гуруҳида 3 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Австралия, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобида биттадан очко бор.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, "В" гуруҳига тушган миллий терма жамоаларнинг кучи деярли бир хил эканини назарда тутиб, ҳар тўрт бош мураббий бир овоздан ягона йўлланма учун курашнинг аёвсиз бўлишини башорат қилишган.

Навбатдаги ашаддий рақиб

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Амирлик ёшлари ҳам Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири саналишади.

Улар 2008 йилда 19 ёшгача бўлганлар орасида Жаҳон чемпиони ва ўтган йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё Ўйинларининг финалига чиқиш билан ўзларининг нималарга қодир эканликларини амалда исботлаб қўйишган.

Бирлашган Араб Амирликлари Олимпия миллий терма жамоасининг ютуқларини ўзбекистонлик мураббийларнинг ўзлари ҳам шахсан эътироф этишмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов бугунги учрашув арафасида берган матбуот анжуманида ҳам “жуда кучли рақиб билан кураш олиб боражаклари, аммо Бирлашган Араб Амирликларига ўзларига керакли натижани қўлга киритиш учун келганликлари”ни таъкидлаган.

Вадим Абрамовнинг айтишича, шогирдларининг бўлажак учрашувга қанчалик ҳозир эканликларидан кўнгли тўқ ҳамда мухлислар бугун жуда қизиқ ва шиддатли ўйиннинг гувоҳи бўлишади.

Кеча “ал-Айн” стадиони анжуманлар залида бўлиб ўтган матбуот анжумани тафсилотларидан маълум бўлишича, учрашувни томоша қилиш учун Ўзбекистондан ҳам 100 да ортиқ мухлислар ташриф буюришади.

Эслатиб ўтамиз, ўйин ал-Айн шаҳридаги “Халифа” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 19:20да бошланади.

Рақиб томон нима дейди?

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси тарқатган хабарларга қаралса, Бирлашган Араб Амирликлари Олимпия миллий терма жамоаси бош мураббийси Махди Реҳда ҳам ғалаба иддаосида ўзбекистонлик ҳамкасбидан заррача бўш келмаган.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг яхши шаклланган ва мустаҳкам жамоа эканлигини эътироф этган жаноб Рехда уларнинг барча кучли ва заиф томонларини ўрганиб чиққанликларини айтмоқда.

Унга кўра, бўлажак учрашув арафасида ўзларини анча босиқ ва руҳий жиҳатдан жуда яхши ҳис этишмоқда.

Бирлашган Араб Амирликлари бош мураббийси статистикага таяниб, Ўзбекистонга қарши ўзаро учрашувларида асосан ўзларининг қўллари баланд келгани, шунинг учун ҳам ҳеч бир хавотирга тушаётганликлари йўқлигини баён қилган.

Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов эса, ўзбекистонлик футболчилар кўтаринки руҳда эканликлари, уч-тўрт йилдан буён бирга тўп суриб келишаётгани учун, бир-бирларини яхши тушунишлари, учрашув осон бўлмаса-да, Ўзбекистондаги барча ғалаба умид қилаётганини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Буёғи нима бўлади?

Учинчи босқич саралаш беллашувларида Марказий Осиё минтақасини фақат Ўзбекистон намоён этмоқда.

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани нақд қилиш учун эса, қай бир миллий терма жамоа бўлишидан қатъиназар, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиши лозим бўлади.

Иккинчи ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа шу йил март ойи охирларида бўлиб ўтажак плэй-офф беллашувларида ҳам иштирок этади.

Илк ғалабаси ортидан, ҳозир Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси "В" гуруҳида уч очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик футбол мутахассислари "Ўлим" гуруҳи эканига қарамай, унга тушган миллий терма жамоалар билан бемалол ўйнаш мумкинлигини айтишмоқда.

Бундан ташқари, учинчи босқич саралаш учрашувларининг дастлабки ва якуний беллашувларининг Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам ўзбекистонлик футболчиларга яхшигина қўл келиши мумкин.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси навбатдаги учрашувини яна сафарда ўтказади ва австралиялик рақибларига қарши майдонга тушади.