Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мухолиф ҳаракат Ўзбекистон ҳукуматини ўз сафларини парчалашга уринишда айблади

Image caption "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" Ўзбекистондаги тузумни тинч йўл билан ўзгартиришни мақсад қилиб олганини айтган.

Бир қатор Ўзбек мухолиф гуруҳларини ўзида бирлаштирган "Ўзбекистон Халк ҳаракати" Ўзбекистон ҳукуматни ўз сафларини парчалашга уринишда айблаган.

Стокголм шаҳрида ўтган йиғилиш сўнггида қабул қилинган ҳужжатда "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" фаоллари ва уларнинг яқинларига қарши тазйиқ ва таҳдидларнинг кучайгани айтилади.

Ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳга кўра, фаолларга ҳужумлар турли шаклларда ташкил этилган.

"Ўзбекистон Халқ ҳаракати"га қарши планли шаклда ҳам медиа орқали, мабуот орқали, ҳам ичкаридаги аъзоларимизга тазйиқ шаклида ва ҳам ташқаридаги аъзоларимизга тажовуз шаклида бу ҳужум кўринди", дейди Муҳаммад Солиҳ.

Аввалроқ андижонлик қочқинларнинг "Андижон - Адолат ва тикланиш" ташкилоти "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" таркибидан чиққанини эълон қилган эди.

Ўзбекистон расмий матбуоти янги ташкил этилган мухолифат ҳаракатини экстремистик, дея қоралаган.

"Ўзбекистон Халқ ҳаракати" шу йил май ойида Берлинда ўтказилган қурултойда таъсис этилган.

Олти мухолифат гуруҳини бирлаштирган "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" Ўзбекистондаги тузумни тинч йўл билан ўзгартиришни мақсад қилиб олганини айтган.

Ҳаракат таъсисчилари Араб давлатларидаги узоқ йиллик ҳукмдорларни ағдарган халқ инқилобларидан илҳомланганликларини билдиришган.

Швеция пойтахтидаги йиғилишда "Ўзбекистон Халқ ҳаракати"га яна икки ташкилотни қабул қилишга қарор берилган.

Би-би-си ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳдан Ўзбекистон ҳукумати ташкилотни парчалашга уринаётгани ҳақидаги даъво нимага асосланган, деб сўради.