Ўзбекистон ичида нечта давлат бор?... ёки Ўзбекистондаги санъат ҳақида мунозарали қарашлар

2009 йилнинг охирларида Умида Аҳмедова Ўзбек миллатига туҳмат қилиш ва ҳақоратда айбланганди
Image caption 2009 йилнинг охирларида Умида Аҳмедова Ўзбек миллатига туҳмат қилиш ва ҳақоратда айбланганди

Умида Аҳмедова ва Олег Карповлар чин маънодаги санъаткорлар оиласи. Улар сураткаш ва кинотасвирчи сифатида фаолият олиб боришади ва ўз ишларини китоблар, газеталар, ҳужжатли ва қисқа метражли филмлар орқали намойиш этишади. Аҳмедова ва Карпов билан суҳбатларимиз санъат ҳақидаги битмас-туганмас фикру мулоҳазалар учун илҳом манбасига айланди.

Бироқ, шу билан бирга улар Ўзбекистондаги муҳитда санъат асари яратиш йўлидаги турли мушкулотларга ҳам тўхталдилар.

Мен Умида Аҳмедова ва Олег Карповлар билан ўтган йили Швейцарияда интервью олиш учун учрашгандим. Улар халқаро ҳамжамият танқидларига сабаб бўлган маҳкама жараёнини эсга олишаркан, баъзи изоҳлари бошларидан қийин кунларни кечирганларига ишора қиларди.

Лекин, мушкулотларга қарамай, ҳаётни севадиган зиёлилар каби иккаловлари ҳам ўтган ҳодисаларни анчайин кинояли бир тарзда билан эсга олдилар.

2009 йилнинг охирларида Умида Аҳмедова Ўзбек миллатига туҳмат қилиш ва ҳақоратда айбланганди.

Бунга Аҳмедованинг швейцарияликлар билан бирга ишлаган "Аёл ва эркак-тонгдан шомгача" фотоалбоми сабаб бўлганди. Ўшанда Аҳмедова Ўзбекистондаги турмушнинг турли қирраларини акс эттирган - албомда қишлоқлардаги ҳаёт ва Тошкент кўчаларини супираётган кекса аёллар суратлари ҳам жамланганди.

Айнан ана шу суратлар унга қарши маҳкама иши очилишига сабаб бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 'Аёл ва эркак-тонгдан шомгача' фотоалбомида Тошкент кўчаларини супираётган кекса аёллар суратлари ҳам кирганди

Халқаро матбуотда кўплаб журналистлар Аҳмедованинг ишини либерал саънаткор ва "вояга етмаган" Ўзбек давлати орасидаги кураш дея таърифлашганди. Баъзилар эса, мазкур ҳодисалар санъаткор қарашларига қандай таъсир қўйиши мумкин деган саволни қўйишганди.

2010 йилнинг қишида Аҳмедова билан Карповни Цюрих атрофида учраганимда, маҳкама ишининг энг ёмон қисмлари вақтинча тўхтатилганди. Умида Аҳмедова ўша йилнинг ўзидаёқ айбдор деб топилган, бироқ авф этилиб, жазоси бекор қилинганди.

Шундай бўлса-да, Аҳмедова ва Карпов бирга яратган "Бокиралик юки" номли ҳужжатли филм кўп ўтмай танқидга учради. Улар ўтмишда қолиб кетган ўзбек урф-одатларини кўрсатиш билан Ўзбекистонни ўрта асрлардаги қолоқ мамлакат сифатида кўрсатишга уринганлари даъво қилинди.

Аммо, санъаткорлар бу сафар эҳтимолий мураккабликлардан омон қолгандилар.

Қандай бўлмасин, улар янги куч билан ишга қайта киришиб, Тошкентда қисқа метражли филмлар андерграунд фестивалини ташкиллаштирганлар.

Швейцария миллий паркида айланарканмиз, нафақат маҳкама жараёни, балки сўнгги ўн йилликлар мобайнида Ўзбекистондаги санъаткорлар фаолиятига чекловлар яратган тарихий ходисалар ҳақида ҳам сўзлашдик.

Умида Аҳмедованинг ёшлиги ўтган саксонинчи йиллардаги "перестройка" жараёни унинг ижоди учун ҳам энг эркин давр бўлган.

1991 йили эришилган мустақиллик ҳақидаги таъкидланадиган сиёсатга тўғри келмаса-да, айнан саксонинчи йиллар Аҳмедованинг санъатни либерал идрок этишида катта рол уйнаган.

Замонавий ўзбек санъатига давлат босимлари тез-тез кузатилади, Аҳмедовага қўйилган айбловлар ҳам жуда кенг тарқалган.

Турмуш ўртоғи Карповнинг фикрича, маҳкама жараёнида уларни ларзага солгани, ўзларига қарши сурилган айбловлар эмас, балки буни олдини олиш учун қилган ҳаракатлари натижа бермагани эди.

Чоп этишдан олдин Аҳмедова билан Карпов ўз асарларини синов сифатида оммага тақдим этишган. Уларнинг лойиҳаси ҳукуматдаги бир неча мулозимнинг эътиборига тушган ва улар бунга ижобий баҳо берганлар.

Бу ажабланарли эмас, чунки уларнинг икковлари ҳам Ўзбекистонда кўзга кўринган санъатлар эдилар ва телевидение орқали вақти-вақти билан чиқишлар қилишган.

Муаммолар, Карповнинг сўзларига кўра, дидлари ва эҳтиёжлари турлича бўлган расмийлар уларнинг ишларига қизиқиш билдира бошлаганларидан сўнг бошланган.

Суҳбат охирида Карпов сўнгги ҳодисалар ҳақидаги ўз таҳлилларидан кулиб юборди. Киноянамо гапираркан, у Ўзбекистонни "бир эмас, балки бир неча давлат" дея тушунтиришга уринди.

Яъни, ўз манфаатлари учун беллашаётган шахсларни жамлаган жуда мураккаб тизимини тасаввур қилиш керак.

Баъзи расмийлар ҳақиқатга яқин бўлган ва кундалик ҳаётни акс эттирган Умида Аҳмедованинг ижодини ёқтирган бўлишса, айримлари Тошкентнинг осмонўпар бинолари ўрнига қишлоқ ҳаётини кўрсатганидан норози эдилар.

Ўзбекистондаги "яхши" ва "емон" санъат борасидаги мунозарали қарашлар санъаткор ва давлат ўртасидаги қарама-қаршиликка етакламайди.

Шунинг учун, Ўзбекистон давлати хақидаги инжиқликларидан воз кечмаган "ўсмир бола" иборасини қабул қилмаган Карпов бу давлатни ўта маърифатли ва мухталиф тизим эканини айтади.

Тизимки, турли ижодкорлар учун турлича сиёсат қўллайди. Бу Аҳмедова ва яқинда "Нафс" филмни яратган Фарруҳ Соиповлар учун тазйиқни англатса, диссидент шоир Юсуф Жумага ўхшаганларнинг эса, ҳаётларига хавф соладиган даражада бўлиши мумкин.

Аҳмедова билан Карповнинг бошларидан кечирган ҳодисалар ҳақидаги таҳлиллари Марказий Осиёдаги тузумлар рамзий қиёфасини тарғиб қилишдан кўра, маҳаллий овозларга қулоқ тутиш муҳимлигини эслатади.

Улар ўз ватанларига кучли ришталар билан боғланишган ва келажакда кўплаб мафкуравий қийинчликларни босиб ўта олишларига ишонадилар.

Тошкентда улар ташкил қилган филм фестивали катта муваффақиятга айлангани айни ёндашувга исбот бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мақоладаги фикрларига қўшиласизми? Фикр-мулоҳазаларингизни қуйидаги форма орқали bbcuzbek.com га йўлланг