Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Диний маҳбуслар онаси қамоқдаги шароитлар оғирлашаётганидан хавотирда

Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган диний маҳбусларнинг онаси Марҳамат Мирзаева ўғилларининг аҳволидан хабар олиб келиши ортидан, қамоқхона маъмурияти диний маҳбуслар ҳаётини ўта қийинлаштираётганини айтган.

Марҳамат опанинг тўрт ўғлидан учтаси диний айблар билан қамалган, ўтган июн ойида уларнинг энг ёши 36 ёшли Абдулазизнинг қамоқдан жасади келтирилганди.

Она қолган икки ўғли 46 ёшли Абдукарим ва 40 ёшли Абдувоҳитнинг ҳам соғлигидан қаттиқ хавотирда. Унинг бир ўғли Навоий, иккинчиси эса Зарафшонда жазо ҳукмини ўтамоқда.

Унинг уч ўғли ҳам ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик ва конституцион тизимга тажовуз айбларини рад этганлар.

Марҳамат Мирзаеванинг ўзи ўғиллари намозхон бўлгани учун қамалганларига ишонади.

У ўғиллари ва бошқа диний маҳбуслар мантиқсиз оғир меҳнатга мажбурланаётганини айтади.

"Тонна-тонна келадиган тошларни лом билан урдирар экан, майдалатар экан. Қўллари қавариб йиртилиб кетган. Агар бажаролмаса, тўртта диний маҳбусга тошларнинг оқини оққа, қорасини қорага тердирар экан. 100 тонна келадиган тошларни ағдартириб, обедгача майдала, дер экан", дейди у.

Онанинг айтишича, диний маҳбусларнинг бир-бири билан мулоқот қилиши буткул ман қилинган.

"Агар гаплашиб қолса ё кўзи билан бундай қараб қўйса ҳам, азоб бераркан. Кўзинг билан гаплашаяпсан, дер экан. Ерга қараб юришар экан. Битта маҳалладан бўлган қўшнилар бир жойда ўтиришибди. Бир-бирига қараб гапиролмайди. Ёнма-ён ётибди, неччи йилдан бери бирга ўтиришган бўлишса, "эй палончи" деб бир-биридан ҳол-аҳвол ҳам сўролмайди", дейди Марҳамат опа.

У диний маҳбуслар учун ҳатто ҳожатхонага чиқиш чекланганини ҳам айтади.

"Икки марта чиқиш мумкин экан. Сийгим қистаб кетаяпти, чиқиб келай деса, қилворавер иштонингга дер экан. Туалетга борса иккита қоровул билан борар экан. Бандитлар, ўғрилардан икки ёнига қоровул қилиб қўяр экан, улар туалетга олиб бориб олдида "бўл тезроқ, кўп ўтирма" деб тураркан", дейди у.

Марҳамат опа ўғиллари унга қамоқда умуман ибодат билан шуғулланиш мумкин эмаслигини билдиришган.

"Қанақа намоз? Ўлдиради-ку, ўлдирворади. Намоз ўқиш у ёқда турсин, Ҳудо деган сўзни айтолмади", дейди у.

Халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон диний эркинликларни қаттиқ чеклаган мамлакатлар орасида юқори ўринларни эгаллаб келади.

2009 йил январида АҚШ давлат котиби Халқаро диний эркинликлар фармонига биноан ўта кескин қонунбузарликлар туфайли Ўзбекистонни "Алоҳида хавотирга сазовор мамлакатлар" сирасига киритган.

Ўзбекистон ҳукумати қамоқларда қийноқлар қўлланиши ва диний маҳбуслар таҳқирланиши рад этиб келади.