Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Электр йўқлиги сабаб чироқчиликлар Қашқадарё ҳокими ўзгарганидан бехабар қолганлар

Image caption Чироқчиликлар 2-3 кунда 1 соат электр узатилаяпти, дейишади

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги газ ва электр таъминотидан норози аҳоли вакиллари маҳаллий ҳокимиятни 15 декабр куни норозилик намойишига чиқишлари ҳақида огоҳлантирганлар.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти томонидан тарқатилган хабарда маҳаллий ҳокимият сунъий равишда аҳоли норозилигини келтириб чиқараётганликда айбланади.

Ҳозирги қиш-қировли кунларда газ умуман берилмаётгани, электр энергияси эса бир неча кунда саноқли берилаётганидан норозилик изҳор этилган номани Чироқчи туманидаги 20 та қишлоқ оқсоқоллари, халқ депутатлари туман кенгаши аъзоси имзолаганини хабар қилганлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаоллари.

Жамият фаоли Нурали Кўлобовнинг айтишича, охирги пайтда 2-3 кунда атиги 1 соат аҳолига электр энергияси берилаяпти, одамлар бунинг сабабини сўраб Чироқчи электр таъминоти идорасига мурожаат қилганлар.

Тумандаги ҳам электр таъминоти ва ҳам табиий газ таъминотига масъул идоралар раҳбарлари ўзларига "Қаршидан электр берилмаётгани"ни айтишган.

Бундай аҳвол бутун туман ҳудудида кузатилаяпти, қайсидир оиланинг туғруқхонага иши тушадиган бўлса, "роддомга движок билан, ўзингизнинг шамингиз билан" боришингизга тўғри келаяпти, дейди Нурали Кўлобов.

Қашқадарё вилояти ҳокими ўзгаришидан бир кун олдин Қаршига "Бош вазир Шавкат Мирзиёев келган эмиш" деган миш-миш тарқалди, ўшанда 1,5 сутка токни узишмади", дейди чироқчилик фаол.

"Бизнинг хабаримиз йўқ, телевизор кўра олмаймиз. Икки-уч кундан кейин Қашқадарё вилояти ҳокими ўзгарганини эшитдик", дейди Нурали Кўлобов.

Чироқчилик фаолларнинг айтишларича, улар ўз арзларини Ўзбекистон президенти номига телеграмма орқали етказганлар, шунингдек, ўз норозиликларини Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси, Миллий Хавфсизлик хизмати, "Ўзбекэнерго" ширкати, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъулларига билдирганлар.