Мухолифатга алоқадор кўрилиб, Андижонда сўроққа тутилган аёл 'ўз жонига қасд қилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тарқатган хабарга кўра, мухолифатга алоқадорликда гумон қилиниб охирги бир неча ҳафта мобайнида сўроққа тутилган Гулсумой Абдужалилова "ўз жонига қасд қилди".

Яқинларининг айтишларича, Гулсумой Абдужалилва шу йил ноябр ойи бошларида Олмониядаги таҳсил жараёнидан танаффус олиб, Андижонга қайтганидан бери мутассил равишда сўроққа чақирилиб, қийноққа тутилган.

Ўлимидан аввал Гулсумой Абдужалилова яқин дугоналаридан бирига мактуб йўллаб, ундан сўроқ мобайнида мухолифат аъзоларига қарши жиноий ишларга қўл уриш талаб қилинганлигини билдирган.

Мактуб йўлланган дугонасининг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Гулсумой Абдужалилова ундан Ўзбекистон мухолифати раҳбарларидан Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уюштириш талаб қилишганлигини айтган.

Дугонасининг айтишича, бир неча ҳафта мобайнида мутассил сўроққа тутилган пайти Гулсумой Абдужалилова қийноққа тутилган ва калтакланган.

Гулсумойнинг оёқ ва қўлларида калтак излари бўлган, охирги сўровдан қайтган куни ички органлари қаттиқ оғриётганидан шикоят қилган.

Унинг дугонасига мактубида ёзишича, охирги маротаба сўроққа чақирилганидан сўнг терговчиларнинг талабларини қониқтиришини айтиб, чиқиб келган ва уйга келганидан сўнг бировнинг жонига қасд қилгандан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал билган.

Шунингдек Гулсумой Абдужалилованинг мактубда ёзишича, терговчиларнинг талабларига рози бўлмаса унинг оила аъзлари, кекса онаси билан қолган оила аъзоларини ҳам тазйиққа олиш билан пўписа қилганлар.

Яқинларининг билдиришларича Гулсумой Абдужалилованинг мухолифат ҳаракатлари билан алоқаси бўлмаган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати унинг ўлими юзасидан таъзия изҳор этган.

Би-би-си ушбу ҳодиса юзасидан расмий идоралар, хусусан Гулсумой Абдужалиловани сўроққа чақиргани айтилган Андижон вилояти Ички Ишлар Бошқармасининг муносабатини олишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг матбуот котиби Олимжон Тўрақулов Би-би-сининг Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтмаганлиги важидан бу борада маълумот беришдан бош тортди.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Альянси Гулсумой Абдужалилованинг ўлимига сабаббўлган омиллар юзасидан зудлик билан текширув ўтказилишига даъват қилдилар.

Ушбу икки ташкилот чиқарган баёнотда айтилишича, қатор халқаро ташкилотлар даъватлари, шунингдек, Ўзбекистон имзо чеккан халқаро битимларга қарамай мамлакатда ҳибсга олинганлар ва маҳбусларга нисбатан ноқонуний амаллар ва қийноқлар ҳануз кенг равишда қўлланмоқда.