BBC navigation

Бухоро ҳокимининг ўғли вилоятдаги бензин тақчиллигига нақадар сабабчи?

Сўнгги янгиланиш 7 декабр 2011 - 11:53 GMT
Бухоро шаҳридаги Лаби Ҳовуз майдони

Бухоро вилояти ҳокими Ўзбекистонда энг узоқ давр ҳокимият тепасида қолаётган ҳокимдир

Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида давом этаётган бензин танқислигида Бухоро вилояти ҳокими лавозимида 15 йилдирки хизмат қилиб келаётган Самойдин Хусеновнинг ўғли ва жиянлари гумон қилинмоқда. Ҳозирда қудратли ҳокимнинг ўғли Шарофиддин Хусенов ҳибсда ушлаб турилгани айтилади.

Бухоролик ҳуқуқшуноснинг Би-би-сига билдиришича, ҳокимнинг оиласи нефть заводларидан ажратилган ёқилғини қора бозорда сотиш билан сунъий тарзда дефицитни келтириб чиқарган.

Суҳбатдошга кўра, ҳозирда солиқ департаментининг раҳбари ва бир қатор пастроқ даражали расмийлар ишдан олинган, ва солиқ департаменти раҳбарига қарши жиноий иш қўзғатилган.

Би-би-си Бухородаги жиноий ишлар борасида билиш учун Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасига боғланди, бироқ бошқарма жиноий ишлар очилганини рад қилди ва "Бухорода, Худога шукур, ҳаммаси тинч" деган жавобни берди.

Би-би-си исми шарифини ошкор қилишни истамаган маҳаллий ҳуқуқшуносдан аввало Бухородаги вазиятни тасвирлаб беришни сўради.

Ҳуқуқшунос: Аслида Бухородаги вазият Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидагидан кескин фарқ қилмайди. Тошкентдан фарқли ўлароқ, бу ерда мунтазам равишда бензин етишмовчилиги кузатилиб келмоқда. Навбатлар километрлаб чўзилган, кечқурун соат еттида навбатга турган ҳайдовчи эртлаба соат 10 ё 11да бензин олади, агар олган тақдирда. Бу Бухоро шаҳридаги вазият. Қишлоқ шаҳобчаларида эса умуман бензин йўқ.

Би-би-си: Ёқилғини етказиб берувчи муассасаларга боғландингизми сабабини билиш учун?

Ҳуқуқшунос: Нефть заводи ва нефть базаси менинг ва кўнгилли ходимларимизнинг сўровларига жавоб бера туриб, умуман шаҳар бўйлаб нефть таъминотини озайтиришмаганини айтишди. Аввал қандай миқдорда берилган бўлса, шундай миқдорда берилиши давом этаяпти экан.

Би-би-си: Унда бензин танқислигининг сабаби нимада?

Ҳуқуқшунос: Бизнинг фикримизда бу сунъий равишда яратилган бензин танқислиги ва бунинг ортидан қўшимча фойда олинаётганида. Бензиннинг қора бозори гуркираб ривожланган. Қора бозорда сотган сотувчи икки ё уч баравар кўп фойда кўради. Шахсан ўзим кеча бир литрини қўлдан 2,500 сўмга сотиб олдим. Бу бензин қаердан келгани номаълум, лекин олишга мажбурмиз. Қўшимча даромад бу биринчи сабаби. Иккинчиси эса монополизация. Бухородаги ёқилғи қуйиш шаҳобчалари икки ё уч кишининг қўлида мужассам бўлган. Масалан Бухорода саккизта бензин етказиб берувчи ширкатнинг аксари вилоят ҳокимининг ўғли Шарофиддин Хусеновнинг "Соҳибқирон саҳоват" фирмасига тегишлидир.

Би-би-си: Қанчалар ишонч билан бу фирмалар ҳокимнинг ўғлига тегишли дея оласиз? Бунга асос борми сизда?

Ҳуқуқшунос: Ҳа, албатта. Бу яширилмаяпти ҳам. Бугунда солиқ департаменти бу фирмаларнинг ҳисоблари билан таниш, ва масъул идоралар, ҳамда жамоатчилик бундан яхши огоҳлар.

Би-би-си: Демак, сиз ҳокимнинг ўғли бензинни қиммат нархда қора бозорда сотиш билан дефицитни келтириб чиқараяпти деб ўйлайсиз, шундайми?

Ҳуқуқшунос: Албатта, монополиянинг мақсади бозордаги нархларни белгилаб бериш кучини қўлга киритишдир. Шарофиддин Хусеновга қарши 2007 йилда мен юқорида айтган ширкатлар ва вилоят ҳокимиятида тинтув ўтказилганди. Лекин, кейин бу терговлар тақа-тақ тўхтаб қолди ва ёш Хусенов фирмаси қайта фаолият бошлади. У қора бозорда ҳатто аввалгидан ҳам фаолроқ ишлай бошлади. Лекин, шу кунларда ҳокимнинг ўғли Шарофиддин Хусеновга қарши жиноий иш очилганини менга аноним тарзда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар хабар қилишди. Миллий Хавфсизлик Хизмати уни якшанба кунидан бери ҳибсда ушлаб турибди. У, жумладан, фирибгарлик ва солиқдан бўйин товлашда айбланади.

Би-би-си: Унинг отаси, Бухоро вилояти ҳокими Самойдин Хусенов Бухоро вилоятини 1996 йилдан бери бошқариб келади ва жуда қудратли шахс ҳисобланади, шундай эмасми? Нимага асосланади унинг бу қудрати?

Ҳуқуқшунос: Тўғри, у 1996 йилдан бери қолаётган Ўзбекистондаги ягона вилоят ҳокими. Ва 2007 йилда оиласи тергов қилингани ва ҳозирда яна терговлар бўлаётгани, ўзига нисбатан ҳам баъзи текширувлар бўлиб ўтганига қарамай, бу унинг мавқеига ҳеч салбий таъсир қилмаяпти. Жамоатчилик, Бухоро аҳолиси охирги ишлар фойда бериб, уни лавозимдан олишларига умид қилишаяпти. Оилавий алоқалар, маҳаллийчилик, бунга боғлиқ коррупция бир одамдан шунча узоқ давр ҳокимлик қилаётгани оқибатидир. Унинг жияни ҳам вилоят ҳокимлигида юқори лавозимни эгаллаган.

Би-би-си: Нима учун айнан Бухорода шундай бўлган, яъни бир одам шунча узоқ давр ҳокимият тепасида қолган?

Ҳуқуқшунос: Бу савол менга бўлмаса керак. Бизда анъанага биноан президент ҳокимларни тайинлайди. Бу лавозимга тайинлаш жараёнининг умуман шаффоф эмаслиги, аҳоли умуман жалб қилинмаслиги мана шундай яккаҳокимлар яратилиб, ҳокимиятни қўлларига жамлаб олишларига сабаб бўлаяпти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.