BBC navigation

'Мустаҳкам оила йили' четдаги юз минглаб оилалар эгаларига нима бераркин?

Сўнгги янгиланиш 8 декабр 2011 - 15:28 GMT

Оиласини боқиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетган инсонларнинг сони қанча?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилди. Президент Каримов оиланинг жамиятда тутган ўрнига эътибор қаратиб, ушбу йил муносабати билан тузилажак дастурда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминловчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топшириғини берди. Кузатувчилар “Мустаҳкам оила” йили эълон қилиниши даврида миллионлаб меҳнат муҳожирлари оиласидан йироқда тирикчилик учун пул топишга маҳкум қолаётганини ва бу оиланинг мустаҳкамлигига соя солаётганини айтишади.

2012 йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиш таклифи бундан олдинги йилларда ҳам кузатилгани сингари Конституция кунини нишонлашга Тошкентдаги саройга йиғилган иштирокчилар томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Фарғоналик исми ўзгартирилган Қобил ака ойнаи жаҳон орқали эълон қилинадиган бу каби тадбирларга унча кўнгил бўлмайди. У оилани тебратиш учун пишиб етилган анорларни олиб Россияга кетишга тайёргарлик кўрмоқда. Олти ой давомида оиласидан узоқда савдо қилади.

"Москвадан қайтиб келаётганимда 350 йўловчи сиғадиган учоқнинг деярли 90 фоизини меҳнат муҳожирлари ташкил қилди. Оғзим очилиб қолди, даҳшатга тушдим. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга қайтаётган мигрантлар"

Бахтиёр Ҳамроев

“Кўп юрсак 6 ойгача қоламиз, ёзгача юрамиз. Жияним иккаламиз кетамиз, оилам бу ерда қолади. Уларни олиб юриш қийин. Паспортда болаларнинг ҳам расми бўлиши керак”, дейди Қобил ака.

Кузатувчилар Ўзбекистондан Қобил ака сингари ишлаш учун кетувчилар борасида турли рақамларни айтади. 3 миллиондан 8 миллионгача ўзбекистонликнинг меҳнат муҳожири бўлиб юргани таъкидланади. Аммо бу борада расмий рақамлар айтилмайди.

Ўзбекистон расмийлари бу борадаги мавзуни муҳокама қилишни ҳуш кўрмайди, марказий телеканалларда эса иш излаб кетаётганларга тўкин ҳаётга ношукурлик қилаётган шахслар дея тамға босилади. Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги мавсумий ишларда ишлашини айтади.

“Яқинда Москвадан қайтиб келаётганимда 350 йўловчи сиғадиган учоқнинг деярли 90 фоизини меҳнат муҳожирлари ташкил қилди. Оғзим очилиб қолди, даҳшатга тушдим. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга қайтаётган мигрантлар”, - дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Лекин қиш мавсумида уйига қайтмайдиган меҳнат муҳожирлари ҳам талайгина. Фарғона водийсидан, исми ўзгартирилган Зокир ака ҳозир Қозоғистонда ошпазлик қилмоқда. Кетганига бир ярим ой бўлган Зокир аканинг 3 фарзанди ва турмуш ўртоғи Ўзбекистонда қолган. У кишининг тикувчилик қиладиган қизи отаси билан телефон орқали дийдорлашиб турганидан рози эканлигини айтади.

- Соғинамиз-у, унчалик қийналганимиз йўқ, телефонда гаплашиб турибмиз-ку.

Зокир аканинг аёли уйда отанинг йўқлиги фарзандларнинг тарбиясига таъсир ўтказишини айтади.

“Отанинг йўқлиги таъсир қилади. Катта фарзандимиз қиз, қиз она эътиборига лойиқ, отанинг ҳам роли вояга етганидан кейин катта. Барибир отанинг ўрни бошқа. Лекин қизим уйда, ёнимда. Отаси ҳам фарзандларни менга ишонган ҳолда кетадилар. 5 ёшдаги кичкинамиз соғинади. Дадам, дадам деб соғиниб туради. Келинг десак, келадилар, унақа узоқ кетмайдилар”, - дейди Зокир аканинг аёли.

"Эрлари Россияга кетиб, ишлаб пул топиб жўнатмоқда. 1-2 йил ўтгандан кейин пул ҳам юбормай, телефон ҳам қилмай қўйишмоқда, дом-дараксиз кетмоқда. Бунақанги ҳолатлар кўп бўлаяпти"

Саида Қурбонова

Жиззах вилояти оилалардаги муаммоларни ҳам ўрганувчи ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова сўнгги вақтларда меҳнат муҳожирлари орасида ажрашиш ҳоллари кўпаётганини айтади. Ишлашга кетган эркак ёки аёл борган жойида бошқа оила қуриб Ўзбекистондаги турмуш ўртоғини унутмоқда.

- Масалан, эрлари Россияга кетиб, ишлаб пул топиб жўнатмоқда. 1-2 йил ўтгандан кейин пул ҳам юбормай, телефон ҳам қилмай қўйишмоқда, дом-дараксиз кетмоқда. Бунақанги ҳолатлар кўп бўлаяпти”, - дейди Саида Қурбонова.

Қозоғистонда ишлаб юрган водийлик Зокир аканинг аёли, турмуш ўртоғини ишлашга юборган аёлларнинг аксари эрининг ёт ўлкадаги шахсий ҳаёти унчалик ташвишга солмаслигини айтади.

“Бизнинг қишлоқда ҳам қўни-қўшниларнинг ичида Россияга кетганлар бор. 2-3 йилда келишади. У ёқда қанақа ҳаёт билмайман, лекин пул жўнатиб туришади. У ердаги ҳаёт билан бу ердаги аёлларнинг унчалик иши бўлишмайди. Оила тебралаяпти, ҳаёт давом этаяпти, яхши яшашаяпти”, дейди уй бекаси.

Ўзбекистонда оилага тааллуқли йиллар бундан олдин ҳам эълон қилинган. 1998 йили “Оила йили” деб аталган бўлса, ундан кейин “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Ёшлар йили” “Баркамол авлод” каби йиллар эълон қилиниб дастурлар қабул қилинган.

Келаётган йилда ишлаш учун четга кетишга мажбур бўлаётганларнинг оилаларига кўмаклашиш банди ҳукумат махсус дастурида ўрин олиш-олмаслиги номаълум.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.