Омма сўрови: ишсизлик дунё аҳолисининг энг катта ташвишига айланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Бутун дунёда одамларнинг кундалик ташвишлари ортган

Би-би-си ўтказган омма сўрови натижаларидан маълум бўлишича, ишсизлик дунё аҳолисини ташвишга солаётган энг катта муаммога айланган.

23 давлатдан 11 минг киши иштирок этган йиллик сўровда одамларга муаммолар рўйхати тақдим этилиб, охирги бир ойда дўстлари ва оила-аъзолари билан кўпроқ қайси масалаларни муҳокама этишгани сўралган.

Сўралганлар биринчи ўринда коррупция ва қашшоқликни тилга олишган, аммо ишсизлик муаммосини тилга олганлар сони биринчи марта шундай сўров ўтказилган 2009 йилга нисбатан 18 фоизга ошган.

Сўров Globescan омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган.

Сўровда қамраб олинган барча давлатларда одамларнинг кундалик ташвишлари ортгани қайд этилган.

Коррупция одамларни ташвишга солаётган биринчи муаммо бўлиб чиққан.

Ёшлар ўртасидаги ишсизлик

Иккинчи ўринда қашшоқлик тилга олинган. Сўралганларнинг ҳар беш нафаридан бири охирги кунларда қашшоқлик муаммоси ҳақида гаплашганликларини айтишган.

Пулнинг қадрсизланиши, озиқ-овқат ва энергия нархларининг кўтарилгани ишсизлик билан бирга учинчи ўринга қўйилган.

Сўралганларнинг 18 фоизи ҳар иккала муаммони биргаликда тилга олганлар.

Ишсизлик билан боғлиқ хавотирлар мамлакатга қараб ўзгаради.

Рўйхат бошида Испания турибди.

Испанияликларнинг 54 фоизи ишсизлик муаммосини яқинда муҳокама этганликларини айтишган.

Бу ўтган йилги Би-би-си сўрови натижаларидан учдан бир фоизга кўп демакдир.

Испания евро ҳудудидаги инқирознинг марказида ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 40 фоиздан юқори.

Бу Оврўподаги энг юқори кўрсаткичдир.

АҚШ, Япония ва Францияда глобал иқтисодий вазият энг кўп баҳс қилинган мавзу бўлган.

Туркия, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Нигерия ва Перуда кўпроқ коррупция муаммосига диққат қаратилган.

Озиқ-овқат ва энергетика нархлари ошиб бораётгани эса Хитой, Кения, Панама, Филиппин ва Россияда кўпроқ гаплашилган.

Лотин Америка давлатлари (Бразилия, Эквадор ва Мексика)даги одамлар кўпроқ жиноятчилик ва зўравонлик мавзусида суҳбатлашишган.

Бойларнинг дарди бошқами?

Сўров натижаларидан маълум бўлишича, ривожланган давлатларда одамларни кундалик озиқ-овқат ёки энергия нархларидан кўра иқлим ўзгариши сингари узоқ муддатли муаммолар безовта қилар экан.

Қашшоқ давлатларда эса ишсизлик, қашшоқлик, коррупция ва террорчилик ҳақида кўпроқ гаплашилади.

Аммо барча давлатларда иқлим ўзгариши ўтган ой муҳокама этилган муаммолар рўйхатида пастга тушган.

Ўтган йилги сўровда иқлим ўзгариши 10 давлатда энг кўп гаплашилган муаммо сифатида тилга олинган бўлса, бу йил айни муаммо фақат Олмония ва Британияда энг кўп мубоҳаса этилган.

Бу йилги сўров Би-би-сининг буюртмаси билан Globescan омма сўрови ширкати тарафидан июл-сентбяр ойларида ўтказилган.

Сўров Ўзбекистонни қамраб олмаган.

Сизни кўпроқ қайси муаммолар безовта қилади? Фикрларингизни bbcuzbek.com га йўлланг

Бу мавзуда батафсилроқ