Ўзбекистон бош вазири Бухоро ҳокимини лавозимидан бўшатган

Бухоро вилоят ҳокимлиги Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Самойдин Ҳусенов Бухоро вилоят ҳокимлигини 1996 йилдан буён бошқарди

Бухородан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев вилоят депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясини ўтказиб, Бухорони 15 йил давомида бошқарган Самойдин Ҳусеновни ҳокимликдан бўшатган.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг ходимлари Би-би-сига 27 декабр куни халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси бўлиб ўтганини тасдиқлашди, бироқ сессия кун тартибидаги масала ҳақида гапиришдан бош тортишди.

Сессия иштирокчиларининг сўзларига кўра, вилоят ҳокими Самойдин Ҳусеновнинг яқин қариндошлари коррупция доираларига аралашиб қолгани унинг лавозимидан бўшатилишининг асосий сабаби қилиб кўрсатилган.

Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши аъзолари Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Самойдин Ҳусеновни вазифасидан озод этиш таклифини маъқуллаганлар.

Унинг ўрнига Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лоавзимида ишлаб келган Муҳиддин Эсонов номзоди таклиф этилган, бухоролик депутатлар ушбу таклифни ҳам қўллаб-қувватлаганлари маълум бўлган.

Асли касби агроном Муҳиддин Эсонов бундан олдин Бухоро вилоятининг Вобкент туманини бошқарган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Бухоро вилояти ҳокими ўзгаргани ҳақида хабар бермаганлар.

Бухорода истиқомат қиладиган кишиларнинг айтишича, шаҳарда "Президент Ислом Каримов келиб, вилоят ҳокимини расман тайинлармиш" деган гап-сўзлар тарқалган.

Охирги пайтда Бухорода ёқилғи тақчиллиги юзага келган, буни вилоятда кўплаб ёқилғи қуйиш шохобчаларига эгалик қилган вилоят ҳокими Самойдин Ҳусеновнинг ўғли ва жиянлари юзага келтиргани айтилган.

Бухоролик ҳуқуқшунослардан бирининг Би-би-сига айтишича, вилоят ҳокимининг яқинлари нефт заводларидан ажратилган ёқилғини қора бозорда сотиш билан сунъий тарзда дефицитни келтириб чиқарганлар.

Вилоят ҳокимининг ўғли Шарофиддин Ҳусенов ҳибсга олингани, Бухоро вилоят солиқ бошқармаси раҳбарлари ишдан олингани, солиқ департаменти раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.

Самойдин Ҳусенов Ўзбекистон Сенати аъзоси ҳисобланади.

Энди Ўзбекистон сенаторлари олдига жаноб Ҳусеновни Сенат аъзолигидан чиқариш масаласи ҳам қўйилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ