Вадим Абрамов: '2011 йил Ўзбекистон футболи учун омадли кечди'

Image caption Янги 2012 йилга ҳам саноқли кунлар қолди...

Жорий 2011 йил ўз поёнига етиб борар экан, кечаётган йилда ким нималарга эришдию яна нималардан афсусда?

Янги йилдан кутаётган умидларию режалаётган ишлари қандай?

Би-би-си Ўзбек Хизмати Янги йил арафасида бу хусусда ўзбекистонлик юлдуз хонанда, ижодкор ва спортчиларнинг фикрларини бериб бориш ниятидадир.

Суҳбатларимизни 26 декабр кунидан бошлаб 1 январгача ҳафтанинг ҳар куни веб саҳифамизда ўқишингиз ва “Дараклар” дастуримиз орқали тинглашингиз мумкин бўлади.

Навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик моҳир мураббий Вадим Абрамов:

Image caption Моҳир мураббий Вадим Абрамов Ўзбекистон халқига Янги йил тилаклари билан...

Вадим Абрамов: Ўтиб бораётган 2011 йилда эришган натижаларимиздан мамнунман. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогида муваффақиятли иштирок этди. 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида жуда яхши натижаларга эришмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси жуда оғир гуруҳга тушганига қарамай, жорий пайтда ўз гуруҳида 13 очко тўплашга муваффақ бўлган ягона жамоа бўлиб турибди. Шу сабабдан ҳам мамнун эмасман, дейиш хато бўлади.

САВОЛ: Янги 2012 йилга режаларингиз қандай?

Вадим Абрамов: Режаларимиз ўша-ўша. Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатига чиқишига эришиш. Албатта, бу осон вазифа эмас. Лекин бунга эришиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз.

САВОЛ: Энг сўнггида Ўзбекистон халқига Янги йил тилакларингиз...

Вадим Абрамов: Аввалроқ ҳам айтиб ўтганимдек, бу йил Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва барча ишқибозлари учун омадли кечди. Келаси йил ҳам худди шундай бўлишини тилаган бўлардим. Биз ҳам бунинг бор кучимизни ишга соламиз. Янги йилда ишқибозларнинг энг катта тилаклари – Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқишини кўриш экани менга яхши маълум. Шунинг учун ҳам, ўзимизга ҳам, уларга ҳам ана шу тарихий вазифанинг уддасидан чиқишимизни тилаб қолган бўлардим. Биз ҳам бунинг учун имкон қадар ҳаракат қиламиз. Тилагим – Ўзбекистон халқига ана шу байрамни кўриш насиб этсин.

Давоми бор

Навбатдаги қаҳрамонимиз донгдор боксчи Артур Григорян: "Ўзбекистонда ўз номим билан профессионал клуб очмоқчиман"

Навбатдаги қаҳрамонимиз таниқли адиб Шукрулло: "Ёзувчидан қоладигани гап эмас, мерос, асар..."

Навбатдаги қаҳрамонимиз таниқли хонанда Абдулазиз Карим: "2012 йил ижодимнинг сермаҳсул йили бўлади деб ўйлайман"

Илк қаҳрамонимиз таниқли санъаткор Обид Юнусов: "Керак бўлиб юрганимга минг-минг шукурлар айтаман"