Liberation: Ўзбекистон билан муносабатда Ғарб эски хатоларини такрорлаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Францияда нашр этиладиган Liberation рўзномаси Ғарб ва Ўзбекистон муносабатларига бағишланган мақола эълон қилган.

Мақола муаллифлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти вакиллари Ян Эгеланд ва Стив Свердлоу.

"Араб баҳори" Оврўпо, Америка ва Россия раҳбарларини шу нарсага ўргатдики, диктаторлар билан яқин муносабатда бўлиш яхши фикр эмас. Аммо бу бундан сабоқ чиқарилди ва амалиётга татбиқ этилганини англатмайди", деб бошланади мақола.

"Вақти келиб Ғарб раҳбарлари Муборак ёки Бен Алининг мойиллигини қўлга киритиш мақсадида қандай дастаклаганлари аён бўлади. Худди Башар ал-Ассаднинг Сурия халқига нисбатан содир этган шафқатсизликларини дастаклаган Москва имиджи булғангани сингари", дейилади мақолада.

Афғонистон уруши соясида Ислом Каримовнинг авторитар ҳукумати гуллаб-яшнамоқда. Россия Ислом Каримовни қўллаб-қувватлаётганининг сабаби, бу мамлакатни ўз назорати остида ушлашни хоҳлайди ва ўзининг жанубий сарҳадларида "барқарорлик"ка интилади, деб ёзади Liberation.

Бундан ташқари Каримов бўлгинчи мусулмон гуруҳларни бостириб турган пайтида Ўзбекистон исломий экстремизмдан асровчи ўзига хос тўсиқ бўлиб хизмат қилади.

"Ғарбга эса Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун ҳарбий база керак. Шунинг учун ҳам Ғарб Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганига кўз юмади. Бу мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар адолатли маҳкамага ҳам умид қилмай қўйишган, боиси аллақачон мустақил адвокат касби йўқ қилинган."

"Каримов ҳукумати онгли равишда Ғарб мамлакатларининг миясига қуйди: ё ҳарбий базага ва Афғонистон шимолига ўтиш йўлига, ё Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиласизлар".

Оқибатда Ғарб Ўзбекистон ичкарисида номигагина инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қолишига кўнди, қоғоздагина мавжуд бўлган ислоҳотларни "прогресс" деб аташга мажбур бўлди.

"Бироқ Human Rights Watch ҳисоботида ҳужжатлаштирилган ҳақиқий воқелик қатағонлар худди 2005 йилдагидек давом этаётганини кўрсатади. Ўзбекистон ҳукумати аксар хорижий ноҳукумат ташкилотларини мамлакатдан чиқариб юборди, мустақил адвокатларни таъқиб этаяпти, ғарб мамлакатлари эса буларни кўриб-кўрмасликка олаяптилар", дейилади мақолада.

Брюссел, Париж, Берлин, Москва ва Вашингтондагилар нима қилишлари керак?, дея савол қўйишади мақола муаллифлари.

"Бу шаҳарлардаги раҳбарлар ўзлари муомала қилаётган ҳукумат ваҳшийликларини инокр этишни тўхтатишлари лозим. Улар банк ҳисобларини музлатиш ҳамда қийноқлар ва ўзбошимча ҳибслар учун масъуллар, жумладан, хавфсизлик кучлари жазони ижро этиш тизими расмийларининг мамлакатдан чиқишларини тақиқлашлари лозим", дейилади мақолада.

Мақола муаллифлари Ўзбекистон масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашига олиб чиқиш ва БМТдан Ўзбекистон бўйича махсус маърузачи тайинлашни талаб қилиш таклифини илгари сурадилар.

"Авваламбор, оврўполиклар, америкаликлар ва россияликлар дунёдаги энг шафқатсиз режим бўлган Марказий Осиёдаги стратегик иттифоқчининг амалларига сукут сақлаш эвазига қилаётган олди-бердиларини тўхтатишлари керак. Улар инсон ҳуқуқлари ва халқаро қонунлари тарафида турмоқлари лозим. Бу 2011 йил сабоғи", дейилади Liberationдаги мақолада.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас