Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Андижонда юз берган йирик ёнғин юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Андижон шаҳар прокуратураси мулозимининг Би-би-сига маълум қилишича, "Наврўз" савдо мажмуасига ўт кетиши юзасидан шаҳар прокуратураси жиноий иш қўзғатган.

Шаҳар маркази яқинида жойлашган "Наврўз" савдо маркази икки йирик бинодан иборат ва у ерда юзлаб савдо дўконлари бўлган.

Ўтган ҳафта пайшанбадан жумага ўтар кечаси савдо мажмуасида ёнғин чиқиши оқибатида бинолардан бири бутунлай ёниб кетган.

Исми ошкор этилишини истамаган шаҳар прокуратураси мулозими ёнғин оқибатида савдо мажмуасидаги юзлаб савдо дўконлари "миллионлаб доллар" зиён кўрганини айтди.

Бироқ прокуратура мулозимининг илова қилишича, ёнғин юзасидан ҳозирга қадар ҳеч ким ҳибсга олинмаган.

Андижон шаҳар трикотаж фабрикаси касодга учраши ортидан фабрика биноси ким ошди савдосига қўйилган ва кейинчалик таъмирланган бино дўкондорларга ижарага берилган эди.

Кеча ёниб кетган бино атрофи ўраб ташланди, дейди андижонлик мустақил ҳуқуқбон Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Унинг айтишича, ёнғин бинонинг пастки қаватида жойлашган пирожки дўконидан чиққани тахмин қилинмоқда.