Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг жамғармасини мукофотлади

Image caption Британиялик қўшиқчи Стинг Гулнора Каримованинг тадбирида иштирок этгани учун "иккиюзламачи" дея қораланган

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг "Фонд Форум"и "ёш иқтидорларни кашф этишдаги хизматлари учун" ҳукуматнинг махсус ёрлиғи билан мукофотланган.

Тўлиқ номи "Ўзбекистон маданияти ва санъати Форуми" бўлган жамғарма веб саҳифасидаги хабарда айтилишича, мукофот Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Абдулла Орипов раҳбари бўлган таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя мажмуаси томонидан берилган.

Хабарда айтилишича, ҳар йили ўтказиладиган "Янги авлод" болалар ижоди республика фестивали жамғарманинг ёш иқтидорларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган энг йирик лойиҳасидир.

Жамғармага кўра, охирги 8 йилда жаъми 98 минг ёш иқтидор соҳиблари кашф этилган.

Лойиҳа доирасида Тошкент ва Самарқандда болалар ижоди марказлари ташкил этилгани таъкидланади.

Мукофотлар, миллионлар ва миллиардерлар

"Янги авлод" Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова жамғармаси амалга ошираётган сон-саноқсиз лойиҳалардан биттаси, холос.

Дунёнинг энг машҳур поп мусиқа ва спорт юлдузлари таклиф этиладиган бу дабдадали маросимларга миллионлаб доллар маблағлар сарфланиши айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Миллиардер Алишер Усмонов Гулнора Каримова билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган

Британиялик таниқли хонанда Стинг ана шундай тадбирлардан бирида иштирок этгани учун британ матбуоти томонидан "иккиюзламачи" дея қораланган.

Ўзбекистоннинг Испания ва БМТдаги элчиси бўлган Каримова хонимнинг жамғармаси ҳар йили миллионлаб долларлик лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида ҳисоб беради, аммо бу миллионларнинг қаердан келгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Янги йил арафасида жамғарманинг ёш санъаткорларни мукофотлашга бағишланган "M&TVA-2011 Мусиқа ва теле-видео асарлари тақдимоти" номли навбатдаги тадбирида россиялик таниқли арбоб ва санъаткорлар иштирок этишган.

Жумладан, фахрий меҳмонлар орасида Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти Ирина Винернинг ҳам бўлгани хабар қилинган.

Винер хоним асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг аёлидир.

"Мен ўзим туғилган, ўсиб-улғайган, таълим олган, мураббийга айланиб, ўз муҳаббатимни учратган қадрдон ўлка – Ўзбекистонда эканимдан фахрланаман. Мен баҳтиёрман. Бу менинг она ватаним", - деб айтган тадбирда нутқ сўзлаган Винер хоним.

2007 йилда "Гардиан" рўзномаси билан суҳбатда Алишер Усмонов на Президент Каримов ва на унинг қизи Гулнора Каримова билан ҳеч қандай борди-келдиси йўқлигини айтган эди.

'Режимнинг бир қисми'

Ўтган йили Гулнора Каримова кетма-кет учинчи йил Швейцариянинг "энг бой одамлари" рўйхатидан ўрин олган.

"Bilan" иқтисодий журнали тартиб берган рўйхатда Гулнора Каримова ҳамда унинг синглиси Лола Каримоваларнинг бойлиги 1 миллиард долларни ташкил этган.

Британияда чиқадиган ES Magazine журнали аввалроқ Гулнора Каримова ҳақида британиялик собиқ дипломат Крейг Мюррейнинг сўзларини келтирган.

Гулнора Каримовани Тошкентдаги расмий зиёфатларда учратган собиқ британ элчиси Крейг Мюррейга кўра, биринчи таассурот алдамчи бўлиши мумкин.

"У дўстона, сунъий равишда ёқимли. Зиёфатларда кўрганингизда, уни ёқтиришса керак, деб ўйлайсиз. Лекин, у даҳшатли режимнинг бегуноҳ қизчаси эмас. Асло. У бу режимнинг бир қисми," деб айтган жаноб Мюррей.

Бу мавзуда батафсилроқ