BBC navigation

Иқтисодий эркин давлатлар: Гонконг 1-ўринда, Ўзбекистон - 164

Сўнгги янгиланиш 12 январ 2012 - 15:30 GMT

Гонконг қаторасига 18 марта жаҳондаги энг эркин иқтисод дея тан олинмоқда

Heritage Foundation тузган йиллик рўйхатда Гонконг жаҳондаги энг эркин иқтисодлар орасида яна биринчи ўринни эгаллаган.

Сингапур иккинчи ўринда, унинг орқасидан Австралия, Янги Зеландия ва Швейцария эргашган.

179та мамлакатни ўрганиб чиққан рўйхатда Ўзбекистон 164-ўринни эгаллаган. Россия эса 144-ўринда.

Белоруссия ва Украина Россиядан ҳам репрессивроқ иқтисодлар қаторида 153 ва 163-ўринларни эгаллашган.

Қирғизистон Марокаш ва Доминикан Республикалари ўртасида 88-ўринда, лекин аввалги йилларга қараганда у ерда бизнес юритиш учун эркинликлар камайгани қайд қилинган.

Иқтисодий эркинликлар индекси қонунларнинг сифати, уларнинг самараси, назорат қилувчи ҳукумат расмийлари ва идораларнинг сони, ҳамда бозорларнинг нақадар очиқлигига асосланиб тузилади.

Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг ўрни ўтган йилги рўйхатдагидан ўзгармаган. У Осиё-Тинч океани минтақасидаги 41 давлат орасида 37-ўринда ва ундаги иқтисодий эркинликлар "ўртача кўрсаткичдан анча паст" дея тасвирланган.

"Ўзбекистон иқтисодий эркинликларнинг кўп жабҳаларида ёмон кўрсаткичларга эга бўлиб келмоқда. Мазмунли ислоҳотларнинг йўқлиги ва иқтисодий экспансия учун энергия секторига қарамликнинг давом этиши катта кўламли иқтисодий тараққиётга йўл очиб бермаган", дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон ва Россия ночор ўринларда қолишда давом этмоқда

"Ундан ташқари, мол-мулк ҳуқуқларининг яхши ҳимоя қилинмагани ва кенг тарқалган коррупция мустақил адлия тизими мавжуд бўлмаган ҳолда янада абгорлашиб, иқтисодий эркинликларни ортга тортган ва узоқ муддатли иқтисодий тараққиётни бўққан."

Ҳисоботда Ўзбекистонда бизнесни бошқарувчи қонунлар тадбиркорлар динамизмини чеклаб қўйиши, ҳамда кўп соҳаларда давлатнинг аралашуви ўта юқори бўлиб қолаётгани айтилган.

Сармояга келганда, сармоялар шаффоф эмаслиги, сармояга боғлиқ қонунлар узук-юлук ҳолда амал қилиши ва бизнеслар ривожланиб кенгайишига тўсиқ бўлаётгани айтилади.

"Норасмий иқтисод анча катта ва аҳолининг аксар қисми учун иш манбаси бўлиб қолмоқда", дейилади ҳисоботда.

Жаҳонда эркинликлар чекланмоқда

Ҳисоботда қайд қилинишича, ўтган бир йил ичида жаҳон бўйлаб иқтисодий эркинликлар аҳволи ёмонлашган. Экспертлар буни аввало молиявий инқироз манзарасида ошиб борган йирик давлат аралашуви билан изоҳлашади.

Мутахассислар асосан Шимолий Америка ва Оврўпода иқтисодий эркинликларга тўсиқларни аниқлашган, марказий ва жанубий Африкадаги кўплаб давлатларда эса бунинг акси кўзга ташланган.

Маврикий энг иқтисодий эркин давлатларнинг 10талигига кирган биринчи Африка давлати бўлди.

АҚШ бу йилги рейтингда 10-ўринга тушган. У ўтган йили 9-ўринда эди.

Собиқ Совет давлатлари орасида Эстония энг иқтисодий эркин давлат деб топилган. 16-ўрин билан у ҳатто Финляндия, Швеция ва Олмониядан ўзиб кетган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.