BBC navigation

Ўзбек талабалари янги қонун-қоидаларга юз тутмоқдами?

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2012 - 13:45 GMT

Талабаларнинг кийиниши шу пайтгача ёзилмаган қонунларга оид назорат қилинган.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат ўрта ва олий ўқув юртларида талабалар ҳатти-ҳаракати ва кийинишига оид ягона низом кучга кирган.

Бу борада хабар тарқатган Уруш ва Тинчликни Ёритиш Институтига кўра, талабаларнинг диний кийинишини, ўз ўқув юртини танқид қилиб интернет саҳифасида мунозара олиб бориши ва ё ўқув даргоҳида рок концертлари ташкил этиши таъқиқланади.

Декабр ойида лицей, коллеж ва университетлар талабаларига 23 бетлик "Талаба кодекси" билан танишиш мажбурияти юкланган ва ҳар бир талабани "миллий мустақиллик мафкураси анъаналарига биноан" ўзини тутишга мажбурловчи ҳужжатга имзо чекиш сўралган.

Уруш ва Тинчликни Ёритиш Институтига кўра, янги қоидаларни бузганлар сессия зачётларини ола олмасликлари, ёки ўқишдан ҳайдалиши мумкин.

Шу пайтгача Ўзбекистондаги ҳар бир ўқув юрти ўз ички тартиб-қоидаларига эга эди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ана шу қоидаларга биноан рўмол ўраган бир неча муслима талабалар ўқишдан ҳайдалган ҳоллари ҳам мавжуд.

Тошкентдаги Шарқшунослик Университетида дарс берадиган сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг Би-би-сига айтишича, бу каби қоидалар ҳужжатлаштирилган шаклда мавжуд эмас, лекин тарбиявий шаклда ё маъанавий тадбирлар олиб бориш шаклида мавжуд бўлиши мумкин.

"Талабаларнинг ташқи кўриниши, ҳулқ-атворига оид тегишли тарбиявий ишларни олиб бориш мумкин, албатта", - дейди жаноб Толипов.

Жаноб Толипов бу каби янги кодексдан хабари йўқлиги ва ундан янги ҳужжат бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш сўралмаганини, лекин домлалар талабаларга маслаҳат бериб туришларини айтади.

"Конкретроқ гапирсак, қизлар калта юбкаларни кийиш, елкаларини очиш, қорнини очишига қарши қандайдир шундай маслаҳатлар билан мурожаат қилиши табиий ҳол ва бундай ҳолатлар учраб туради", - дейди сиёсатшунос.

Жаноб Толипов маслаҳатларга қулоқ тутмаган талабаларга қаттиқ жазо берилганидан хабари йўқлиги, лекин танбеҳ берилганини эшитганини айтади. Айни дамда, у очиқча кийинган қизларнинг акси, яъни ёпинган ва мусулмонча рўмол ўраган қизларнинг ўқишга келиши тақиқланганини билдирди.

Ўзбекистонда расман қабул қилинмаган қонун-қоидаларга кўра, олий ўқув юртлари ёки мактабларга қизларнинг рўмол ўраб келиши ман қилинади.

"Рўмол ўраш, диний кўринишда юриш тақиқланиши ҳоллари бор. Лекин, уларни бунинг учун ўқув юртларидан ҳайдаш нотўғри амал. Бундай қонуннинг ўзи мавжуд эмас", - дейди Фарҳод Толипов.

Сизнинг бу "кодекс"дан хабарингиз борми? Маълумотга эга бўлсангиз, биз билан боғланинг.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.