Машҳур фотограф Умида Аҳмедова Кодак касодга учраганидан афсусда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Ahmedova
Image caption Умида Аҳмедованинг суратлари кўпларга таниш...

Американинг Истман Кодак ширкати касодга учраган. Кодак бир аср аввал қўл камерасини ихтиро қилган ва оддий одамларга сурат олиш имкониятини тақдим қилган. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, Кодак ширкати рақамли камера каби замонавий русумдаги технологиялар билан рақобатга бардош бера олмади.

1880-йилларда Жорж Истман кашф қилган Кодак 20-асрнинг энг таниқли маҳсулотларидан бирига айланди. Унинг фотокамералари "Кодак лаҳзалари" дея тамғаланган оилавий суратлардан тортиб тарихий ҳодисаларгача миллионлаб воқеаларни ҳужжатлаштирди.

Нийл Армстронг одамзотнинг илк марта ойга қўнишини Кодак камераси билан суратга олганди.

Бироқ, рақамли технологиялар бобида оқсаган Кодакнинг қиймати ўтган 15 йил ичида 31 миллиард доллардан 150 миллион долларга тушиб кетди.

У ўзини қайта тиклаш илинжида бир миллиард долларлик кредит йиққан. Ширкат раҳбарияти Кодакни сақлаб қолиш учун унинг маҳсулотлари патентларини сотиб кўпроқ даромад йиғишга умид қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Жорж Истман (чапда) 20-асрнинг энг ажойиб маҳсулотларидан бирини кашф қилгани эътироф этилган

Ўзбекистонлик таниқли фотограф ва ҳужжатли кино устаси Умида Аҳмедованинг айтишича, Кодакнинг тугатилиши билан бутун бошли давр ниҳоясига етаётган бўлиши мумкин, аммо фотоплёнкали тасвир билан хайрлашишга хали эрта.

Унинг айтишича, Кодак русумидаги камералардан ҳозирда профессионал сураткашлар эмас, балки ҳаваскорлар ва оддий одамлар фойдаланади, лекин унинг кино ва фотоплёнкалари оммабоп.

"Шу кунларда плёнка ишлатиш камайиб кетганига, шунча нарсани ушлаб туриш оғир бўлса керак фирмага", - дейди у.

Умида Аҳмедова фотографларнинг аввалги авлоди намоёндаси сифатида плёнка билан ишлашни афзал кўришини айтади.

"Лекин, плёнкани чиқариш, проявка деган гаплар оғир бўлиб кетаяпти, шунинг учун цифровой аппаратга ўтишга мажбур бўлдик", - дейди таниқли сураткаш.

Кўп профессионал фотографлар рақамли камералар плёнка билан олинган суратлардаги сифатни етказиб бера олмаслигини айтишади. Аҳмедова хоним ҳам шундай фикрда.

"Масалан, тон деган нарса бор, фотоплёнка ўша тонни юмшоқроқ кўрсатади. Фотоплёнкада бошқача кайфият бор. Цифровойда эса контрастлари кўпайиб кетиши мумкин. Плёнкада портретлар олганингизда бошқача кайфият бўлади, контрастлар юмшатилади", - дейди Умида Аҳмедова.