Ўзбекистонда бир ойлик маошга нима сотиб олса бўлади?

Бозор Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Ўзбекистонда истеъмол савати ҳақида аниқ маълумот йўқ

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг йиллик йиғилишида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов мустақиллик йиллари давомида аҳолининг маошлари кескин ўсганини айтди.

Давлат раҳбари 1991 йили олинган маош истеъмол саватининг 7%га ҳам етмаган бўлса, бугунга келиб бу кўрсатгич 120 % етганини айтди.

Яъни маошлар эҳтиёж молларига етиб яна бир қисми ортиб ҳам қолмоқда.

Би-би-си Ўзбекистоннинг турли нуқталаридаги турли касб эгаларидан маошларнинг нималарга етаётганини сўради.

Илк қўнғироқ қилган кишимиз, Навоий тоғ-металлургия комбинати ишчиси Анвар маошларнинг жуда ҳам яхшилигини эътироф этади.

"Менинг маошим жуда ҳам зўр. Бир ойлигим ҳамма эҳтиёжларимга етади, ортиб ҳам қолади. Икки-уч ой тўпласам бемалол Туркияга бориб дам олиб келсам бўлади. Ота онамга ёрдам бериб тураман. Навоий жуда ҳам саноатлашган шаҳар ва ойликлари ҳам баланд. Лекин қолган жойларни билмадим", - дейди навоийлик Анвар.

Ғаллаороллик вақтинча ишсиз тингловчимиз Ўзбекистонда ҳамманинг ҳам табиий бойликларни ўзлаштириш соҳасида ишлаш учун имкони йўқлиги ва ўзи яшаб турган жойда ишсизлар синфининг ўта кўплигини айтади.

Исми ўзгартирилган Абдулазиз ўзи яшаб турган жойда маош олувчи тоифа фақат муаллимлар бўлиб қолгани ва уларнинг ичида энг кўп маошни бошланғич таълим муаллимлари олишини айтади.

"Мактаблардаги бошланғич таълим муаллимаси 500 минг ойлик олади. Бошқа олий маълумотли ўқитувчилар 5 йиллик иш малакасидан сўнг 300-400 минг сўм олади. Олий маълумоти бўлмаган, коллежларни битириб дарс бераётганлар 90 минг пластик карточкада маош олади. 300 минг маош оиланинг фақат озиқ-овқатига етади. Дори дармон, кийим кечаги ва бирор байрамга боришига етмайди. 90 минг пластикда оладиганларники эса умуман ҳеч нарсага етмайди," - дейди вақтинча ишсиз Абдулазиз.

Абдулазизнинг айтишича, маошларга қўшимча равишда қишлоқ хўжалигидаги одамлар чорва ва деҳқончилик билан ҳам шуғулланади.

Россия ва Қозоғистонда ишлаб пул жўнатишлар эвазига кўплаб оилаларнинг турмуши ўтиб турибди.

Жиззахлик исми ўзгартирилган фермер Баҳром ака 1996 йилгача фермерлар учун жуда яхши шароитлар бўлгани ва ҳозирга келиб фермерчилик фойда кўриб бўлмайдиган касбга айланганини айтади.

"У пайтлар бошқача эди. 1991-96 йилгача яхши эди. Кейин минусга қараб кетди. У вақтлар қонунлар сўзсиз бажариларди. У вақтлар ҳамма нарсага етарди. Мошина, уй, техника олишга етарди. Қисқаси у вақтлар менинг ҳамма нарсам бор эди. 75 маркали тракторим, ғалла ўрадиган комбайним бор эди. Буларнинг ҳаммасини 1997 йилдан кейин сотдик", - дейди Баҳром ака.

Баҳром ака бугунга келиб давлатдан қарз бўлиб қолгани ва қарздор фермерлар кўп эканини эътироф этади.

Мутахассислар Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ишсизлар кўпайганини айтишади.

Иш йўқлиги сабаб миллионлаб ўзбекистонликларнинг ўзга юртларга меҳнат қилиш учун кетаётгани айтилади.

Улар ишлаб топаётган маблағлар Ўзбекистон Ички Ялпи Маҳсулотининг салмоқли қисмини ташкил қилиши тахмин қилинади.

Биргина Россиянинг ўзидан Ўзбекистонга бир йилда ўртача 5-6 миллиард доллар пул жўнатилиши маълум.

Бу мавзуда батафсилроқ