Каримов Ўзбекистонда ўсиш суръатлари юқори бўлишини башорат қилди

Ислом Каримов
Image caption Ислом Каримовнинг ишонишича, Ўзбекистонда келгуси йилларда ўсиш суръатлари юқори бўлади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакатда ўсиш суръатлари келгуси йилларда юқори бўлишини башорат қилди.

Унинг бу башорати Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2011-йил якунлари ва 2012-йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган мажлисида янгради.

Ислом Каримов ўз чиқишида Халқаро Валюта Жамғармаси миссияси ҳисоб-китобларига таянди.

"Миссия 2011-йилда Ялпи Ички Маҳсулот 8.3% кўпайишини кутмоқда ва ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолинишини башорат қилмоқда," - деб айтди Ислом Каримов.

Шунингдек, у ўтган беш йилда Ўзбекистонда ўртача ўсиш суръатлари 8.5 фоизни ташкил этганини айтди.

Унга кўра, бу Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш кўрсаткичларидан "анча юқоридир".

Ислом Каримов глобал молиявий инқироз Ўзбекистонни четлаб ўтганини айтди.

"Қатор йиллар давомида кузатилган бюджет профицити, расмий заҳиралар даражасининг юқорилиги, давлат қарзининг камлиги, барқарор банк тизими ва халқаро молиявий бозорлардан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашиш, мамлакатнинг глобал инқирознинг бевосита оқибатларидан ҳимоя қилди," - деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти мамлакат банк тизимини ҳам олқишлади.

"Бир вақтлар, яъни ўн йил олдин бизнинг заҳираларимиз ва бойликларимиз, ҳаммаси бўлиб, 54% четдан олинган қарзлар ҳисобидан бўлса, мана ўтган йили - 2011 йилда бизнинг банкларда сақланаётган депозитларни 85.3% энди ўзимизни, авваламбор, топган пулларимиздан бўлаётганини, бу ниманинг ифодаси деб жавоб берадиган бўлсак, бу авваламбор, биз тобора мустаҳкам бўлиб бораётганимиз, авваламбор ўз кучимизга, ўз салоҳиятимизга ишониб яшаётганимизнинг яққол далилидир," - деди Ислом Каримов.

Интернет хизматлари учун тарифларни қисқартириш сиёсати туфайли, Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистонда интренетдан фойдаланувчилар сони деярли 8 миллионга етган.

"Интернет хизматларидан фойдаланиш тарифларини 27%га камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди. Ҳозирги кунда, буни жуда катта мамнуният билан таъкидлашимиз керак, мамлакатимиз аҳолисининг 8 миллионга яқини интернет тармоғидан фаол фойдаланмоқда," - деб айтди Ўзбекистон президенти.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, 2012-йил учун тасдиқланган давлат бюджетида жами харажатларнинг 60%дан кўпроғини аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6%дан 5% туширилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг паст ставкаси 10%дан 9%га пасайтирилган.

Бу, Ислом Каримовнинг қайд этишича, аввало, кам даромад кўрувчи аҳоли табақаси даромадларининг кўпайишига сезиларли равишда таъсир кўрсатади.

У келгуси беш йил ичида қиймати 6 миллиард доллардан кўпроқ бўлган 270 дан кўпроқ сармоя лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилаётганини айтди.

Бу мавзуда батафсилроқ