CPJ: 'Сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон жазо муддати узайтирилишидан ғазабдамиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Халқаро ташкилот сўнгги ҳукм очиқдан-очиқ сиёсий важларга асосланганини айтади

Журналистларни Ҳимоя этиш халқаро қўмитаси қамоқдаги "Эрк" партияси фаоли Муҳаммад Бекжоннинг 12 йиллик қамоқ муддати сўнггида яна 5 йилга маҳкум этилишидан ғазабда эканини айтиб, баёнот тарқатган.

Халқаро ташкилот баёнотида айтилишича, Муҳаммад Бекжон дунёда энг узоқ қамоқ жазосини ўтаётган иккита журналистдан биттасидир.

Иккинчи журналист ҳам унинг ўзбекистонлик партиядоши ва 1999 йилда 15 йилга озодликдан маҳрум этилган Юсуф Рўзимуродов экани таъкидланади.

"Бу - очиқдан-очиқ сиёсий важларга асосланган янги қамоқ муддатидир. Муҳаммад Бекжон бир кун ҳам қамоқхонада ўтирмаслиги керак", дейди Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси.

Халқаро ташкилот, "Муҳаммад Бекжоннинг қийноққа солинганига оид хабарлардан даҳшатга тушганлигини айтиб, масъуллардан жавобгарларни жазолаш ва уни зудлик билан озод этиш"ни талаб қилган.

"Президент Ислом Каримовнинг авторитар ҳукумати журналистларни қамоққа ташлаш бўйича Овросиёда шармандали олд ўринлардан бирини эгаллаб келади. Агар Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга қўшилмоқчи бўлса, масъуллар мухбирлик фаолияти учун қамалган барча журналистларни озод қилишлари шарт", дейди ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Нина Огнианова.

Журналистларни Ҳимоя этиш халқаро қўмитаси ўз баёноти сўнггида Муҳаммад Бекжоннинг қамоқдаги аҳволи борасида масъуллардан шу пайтгача бирор бир маълумот ололмаганини ҳам билдириб ўтади.

Янги ҳукм, янги жазо

Image caption Mуҳаммад Бекжоннинг 12 йиллик жазо муддати келаси ой тугаши керак эди

Қамоқдаги "Эрк" партияси фаоли Муҳаммад Бекжон 12 йиллик жазо муддати сўнггида яна 5 йилга маҳкум этилган.

Ўтган ҳафта Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги қамоқхонада ўтган маҳкамада прокурор унга қўшимча тўрт ярим йил жазо сўраганди.

Муҳаммад Бекжон қамоқхона тартибини бузиш ва маъмуриятга бўйсунмасликда айбланган.

Мухолифат фаоли Дилором Исҳоқованинг ҳимоячига иқтибосан билдиришича, маҳкама жараёнида Бекжон ўзига қўйилган айбларни қатъиян рад этган.

Дилором Исҳоқова янги айблов мухолифат фаолини қамоқдан чиқармаслик учун тўқиб чиқарилганини айтади.

Яқинларига кўра, Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати келаси ой ниҳоясига етиши керак эди.

Муҳаммад Бекжон 1999 йил февралидаги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган.

Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

58 ёшли Бекжон мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Ички тартиб

Муҳаммад Бекжон ички тартибни бузгани важидан жазо муддати узайтирилаётган биринчи маҳбус эмас.

Аввалроқ "Эрк" партиясининг яна бир фаоли Мурод Жўраевнинг қамоқда янги айбловлар билан маҳкум этилгани маълум бўлган.

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати бўлган Жўраев 1994 йилда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб, қамоққа ташланган.

Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова жазо муддатларининг қасддан узайтириб қўйилаётгани ҳақидаги даволарни рад этади.

Унинг сўзларига кўра, маҳбуслар қамоқхона маъмуриятининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан прокуратура ва судга шикоят этишлари мумкин.

Аммо кузатувчилар амалда бу каби шикоятларнинг адолатли кўриб чиқилишига шубҳа қиладилар.

'Давлат жиноятчилари'

Би-би-си билан суҳбатда Светлана Ортиқова Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий маҳбусларнинг йўқлигини таъкидлади.

"Бизнинг миллий қонунчилигимизда сиёсий маҳбус тушунчаси йўқ, шунинг учун сиёсий маҳбуслар ҳам йўқ", - деди Ортиқова хоним.

Унинг сўзларига кўра, 159 - модда бўйича маҳкум этилганлар "давлатга қарши жиноят содир этган шахслар"дир.

Ортиқова хонимнинг айтишича, Ўзбекистон Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан қабул қилинган охирги амнистия 5 январдан бошлаб ижро этила бошланган.

Узметроном нашрининг Ўзбекистон Бош прокуратурасига таяниб тарқатган хабарига кўра, ҳозирнинг ўзида амнистия 9643 кишига нисбатан қўлланган.

Светлана Ортиқованинг изоҳ беришича, уларнинг ҳаммаси ҳам қамоқхонадаги маҳбуслар эмас.

"Уларнинг ичида маҳбуслар ҳам, шу билан бирга, тергов ва суд жараёнида озод этилаётганлар шахслар бор", - дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси.

Ўзбекистон тарихида сиёсий маҳбусларга нисбатан амнистия оммавий равишда фақат бир марта, 2003 йилда қўлланилган.

Ўшанда 3000 маҳбус, жумладан, 391 нафар диний-сиёсий айблар билан қамалганлар озодликка чиқарилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ