BBC navigation

Нью-Йоркда шашмақомга бағишланган йирик концерт ўтказилди

Сўнгги янгиланиш 26 январ 2012 - 12:48 GMT

Барча санъаткорларга ўзбек мусиқасига қўшган ҳиссалари учун фаҳрий ёрлиқлар топширилди

Нью-Йоркда шашмақомни оммавийлаштиришга қаратилган қатор тадбирлар бўлиб ўтган. "Shashmaqam Forever" фестивалини Фонд Форум, Нью-Йоркдаги Ўзбекистон консуллиги, Америка анъанавий мусиқа ва рақс маркази, ҳамда АҚШ ва Канаданинг Буҳоро яҳудийлари Конгресси томонидан уюштирилган.

Ўзбек мумтоз мусиқасига бағишланган бу тадбир Нью-Йоркдаги дабдабали маскан - Карнеги Холлда ўтказилди.

Ҳофизлар ва созандалар шашмақомнинг турли бўлимлари ва Турғун Алиматов репертуаридаги қўшиқларни ижро этишган.

Тадбирга йиғилганлар қаршисида Турғун Алиматовнинг Ўзбекистондан ташриф буюрган созанда ўғиллари Алишер ва Валишер Алиматовлар, унинг невараси - қўшиқчи Аброр Зуфаров мақом бобидаги маҳоратларини намойиш қилишган.

Улар билан бирга Америкада яшовчи Авром ва Шумиэл Толмасовлар, Эзро Малаков, Рошеля Рубинова, Абдураим Ҳамидов, Иосиф Абрамов ва Ошер Бараевлар ўзбек мумтоз мусиқасини ижро этдилар.

Фонд Форум веб саҳифасида хабар қилинишича, концертга ташриф буюрган 300 меҳмон ичида Нью-Йорк шаҳри ҳокимияти, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, бизнес доиралари ва ўзбек жамоатчилиги вакиллари бўлган.

Тадбирда чиқиш қилган Нью-Йорк шаҳри ҳокимияти вакили Жон Лу маросимни олқишлаган.

"Мазкур концерт Нью-Йорк шаҳрининг маданий ҳаётида ёрқин воқеа бўлади ва унинг аҳолисини Ўзбекистоннинг уникал санъати ва бой маданий-тарихий меъросига янада яқинлаштиради. Ўзбекистонда жуда кўп иқтидорли одамлар яшашади, айниқса мусиқий санъат соҳасида", - деб айтди жаноб Лу.

Маросимда нутқ сўзлаган Марказий Осиё халқлари мусиқаси бўйича америкалик таниқли мутахассис, Дартмунд Университети профессори Теодор Левин шашмақом ҳақида гапирди.

"Менга Ўзбекистонда Турғун Алиматов билан учрашиш бахти насиб қилган, ва мен бугун Нью-Йоркдаги энг ҳашаматли концерт залида унинг асарларини тинглаш имкониятига эга эканимиздан жуда мамнунман. Мен сизларга шашмақомнинг афсонавий мусиқасидан яхши таассуротлар олишни тилайман", - деди у.

Концертдан ташқари ўзбек мумтоз мусиқасининг ёрқин юлдузи Турғун Алиматовнинг 90 йиллигига бағишлаб "Шашмақом 21 асрда" номли халқаро анжуман ўтказилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.