Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбарларидан бири ўлдирилган

Толуқондаги норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи elvis
Image caption Тахор вилоятида ўтган йил давомида кўплаб таниқли шахслар ҳалок этилган

Афғонистондаги халқаро коалиция кучларидан хабар қилишларича, мамлакат шимоли-шарқидаги Тахор вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбарларидан бири Илҳом номи билан танилган шахс ўлдирилган.

Халқаро кучлар тарқатган баёнотга кўра, Таҳор вилоятининг Толуқон туманида Афғонистон хавфсизлик кучлари билан биргаликда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларини қидириш амалиёти ўтказилган.

Махсус амалиёт чоғида жангариларнинг хавфсизлик кучларига қуролли қаршилик кўрсатганлари хабар қилинган.

Халқаро кучлар баёнотига кўра, жангарилар граната отганлар.

Жанг натижасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ушбу ҳудуддаги раҳбари деб кўрилган Илҳом ва яна бир жангари ўлдирилган.

Яна бир қуролли қўлга олинган.

Халқаро кучларга кўра, Илҳом 2011 йилнинг 25 декабрида Таҳор вилоятида Афғон расмийларини ҳалок этган худкушлик ҳужуми учун масъул шахс бўлган.

Шунингдек, у вилоятда худкуш ҳужумчиларни тайёргарликдан ўтказгани хабар қилинган.

25 декабрдаги худкушлик ҳужуми Тахор вилояти маркази Толуқон шаҳрида содир этилган.

Худкуш ҳужумчи белига боғлаган портловчи моддани жанозага йиғилганлар ўртасида ишга солиши натижасида камида 19 инсон ҳалок бўлган.

Портлаш натижасида 40 дан ортиқ инсон яраланган.

Расмийлар ушбу ҳужумда вилоят раҳбарлари нишонга олинганини айтишган, ҳалок бўлганлар орасида Афғонистон парламенти вакили, Кундуз вилояти полициясининг собиқ бошлиғи Абдулмуталиб Бек ҳам бўлган.

Ўтган йил давомида вилоятдаги кўплаб таниқли шахслар, жумладан шимолий Афғонистон бўйича полиция қўмондони ва собиқ вазир генерал Муҳаммад Довуд жонига суиқасд қилинган.