Ўзбекистон: Писта ва қуртнинг қаерда сотилгани маъқул?

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, республика эпидемиология комиссияси фавқулодда мажлис чақириб, кўча-кўйда ўз ҳолича сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини муҳокама этган.

Бўлиб ўтган мажлис чоғида асосий эътибор писта, қурт, сомса, нон, тамаки ва бошқа турдаги маҳсулотлар савдосига қаратилган.

Мажлисда одамлар бу каби маҳсулотларни сотиб олишаркан, улар билан бирга ўз саломатликлари учун зарарли бўлган кўплаб микроб ва бактерияларни орттириб олишларидан бехабар эканликлари айтилган.

Уларнинг қандай шароитда тайёрлангани ва сақлангани мавҳум экани билан бирга, санитария қоидаларига зид бир шароитда сотилиши оқибатида яна бир бор ифлосланиши урғуланган.

Комиссия ушбу соҳани тартибга солиш учун барча масъул ташкилотлар ўз фаолиятларини мувофиқлаштиришлари лозимлигини айтган.

Аён бўлишича, маҳалла, ўқув юртлари ва оммавий-ахборот воситалари орқали аҳоли орасида тушунтириш ишлари ҳам аллақачон бошлаб юборилган.

Қурт савдосида банд одамлар...

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов бугун бу каби савдода банд бўлганлар сони бутун мамлакат бўйлаб озмунча эмаслигини айтади.

"Пойтахт Тошкентда эса, ҳозир бу иш билан асосан чекка вилоятлардан келган аёллар шуғулланишмоқда. Чунки четга, дейлик, Қозоғистон ёки Россияга бориб, пул топишга саломатликлари тўғри келмайди, шу боис, улар шу ишни қилишади", дейди у.

Иқтисодчи, ўз ўрнида, уларнинг давлатдан маош олиб ишлаётган фаррош ёки ҳамширадан кўра, кўпроқ даромад қилишлари, аммо ишлаш шарт-шароитларини таққослаб бўлмаслигини таъкидлайди.

"Дейлик, бир стакан писта 200 сўм турса ва у юз стакан сотадиган бўлса, қанча пул топади".

Аммо у ушбу масаланинг ечимида масъуллар томонидан чақирилаётган мажлислар ёки кўрилаётган чора-тадбирлар иш бермайди, деган ишончда.

"Ҳукуматнинг катта сиёсати ўзгармас экан, мавжуд ҳолатга буткул барҳам бериб бўлмайди", дейди у.

Ўзбекистонлик таҳлилчи пистаю қурт сотиш орқасидан тирикчилик қилаётган одамларнинг бугун рисоладагидек бошқа иш топиш имкониятлари ҳам йўқ эканини таъкидлайди.

"Чунки марказий ҳукумат олиб бораётган сиёсат одамларнинг турмушларини яхшилашга эмас, аҳолининг турмуш кечириш даражасини пасайтиришга йўналтирилган. Пахта ва доннинг харид баҳосини паст ушлаб туриши, тадбиркорларга эркинлик бермаслик, ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ўрнига, бунга тўсиқ бўлаётганининг ўзи бу каби ҳолатнинг ҳали узоқ давом этишига олиб келади", дейди иқтисодчи.

Маҳаллий кузатувчилар шундоқ ҳам мамлакатда камбағаллик ва ишсизлик чуқур илдиз отгани, меҳнатга қобилиятли аҳолининг каттагина қисми ўзга юртларда, меҳнат муҳожирлигида банд эканини айтишади.

Расмий хабарларга қаралса, кўрилиши режаланаётган янги чора-тадбирлар пистаю ер ёнғоқ ёки қуртларнинг аҳоли истеъмолидан йўқолиб кетишига олиб келмайди.

Фақат бу каби озиқ-овқат маҳсулотларини лозим тартиб-қоидаларга мос шароитда ишлаб чиқариш ва рисоладагидек тарзда савдо тармоқларига чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда, холос.