АҚШда қўлга олинган ўзбекистонлик айбларни тан олмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кеча пайшанба куни Денвер маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган айбларни рад этган

Кеча пайшанба куни Американинг Денвер маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган ва халқаро террорчи ташкилотга кўмак беришда айбланган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган айбларни рад этган.

Ҳакамнинг саволларига рус тилида таржимон ёрдамида жавоб бераркан, у "Аллоҳ шоҳид, мен ҳеч қачон бу ишни қилмаганман", деб баён қилган.

Шундан сўнг, америкалик ҳакам токи ҳимоячи олмагунича, Жамшид Мухторовга бошқа сўзламасликни маслаҳат берган.

"Ассошиэйтед пресс" ахборот агентлиги тарқатган хабарларда айтилишича, ўзбекистонлик маҳбус қўлга олинганидан буён террорчи каби тутиб турилганини билдирган.

Жамшид Мухторов шу йилнинг 21 январ куни Чикагонинг О'Ҳари халқаро аэропортида ҳибсга олинганди.

Ўзбекистонлик шу ҳафта чоршанба куни Колорадога қайтарилган ва штат федерал ҳаками унга қарши расман ўз айбловларини эълон қилганди.

Федерал Қидирув Бюроси Жамшид Мухторовни Исломий Жиҳод Иттифоқига "моддий дастак кўрсатиш ва моддий ёрдам кўрсатишга уриниш"да айбламоқда.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ ҳисобланади.

Гуруҳ Покистоннинг озод қабилалар яшовчи минтақаларида фаол экани айтилади.

Исломий Жиҳод Иттифоқи АҚШ Давлат Департаменти томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Бироқ америкалик расмийларнинг қайд этишларича, Жамшид Мухторовнинг Қўшма Штатлар ҳудудида бирор ҳужумни режалаштирганига оид маълумот йўқ.

Сенга ҳимоячи лозим

Ҳибсга олинишидан икки кун кейин Чикагода бўлиб ўтган дастлабки маҳкама тингловидан фарқли тарзда, Жамшид Мухторов Денвер маҳкамасида ҳимоячисиз ҳозир бўлган.

Америкалик ҳакамнинг ҳимоячи олишни истармидинг, деган саволига ўзбекистонлик маҳбус, "Ҳибсга олинганидан буён на-да рафиқаси билан сўзлашиш ва на-да ҳимоячи ёллашга имконли бўлгани"ни айтиб, жавоб берган.

Хабарларга кўра, Жамшид Мухторов ўзига нисбатан бу каби муносабат давом этадиган бўлса, ҳимоячи олишига кўзи етмаслигини ҳам қўшимча қилган.

"Ассошиэйтед пресс" ахборот агентлиги унинг, "атайдан ўзига бундай муносабат қилишаяпти, деган фикрга боргани"га оид сўзларидан иқтибос келтиради.

Айтилишича, шундан сўнг, ҳакам уни ҳимоячининг ҳозирлигисиз ортиқ сўзламаслик, акс ҳолда қораловчилар гапирган ҳар бир гапини ўзига қарши ишлатишлари мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Аён бўлишича, бунинг ортидан, ҳакам Кетлин Тафойа хоним ўзбекистонлик маҳбусга ҳимоячи тайин этишини ҳам ваъда қилган.

Жамшид Мухторов ҳакамдан террорчиликка гумон қилинаётган шахс сифатида алоҳида эмас, балки умумий камерада тутиб туришларини ҳам сўраган.

Аммо ҳакам Тафойа хоним бу ўзининг ихтиёридаги иш эмаслигини айтиб, жавоб бергани айтилади.

Қочқин

Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

АҚШ Давлат Департаментининг 2005 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида маълум қилинишича, Жамшид Мухторовнинг синглиси Дилдоро Мухторова қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Маълумотларга кўра, Колорадо Штатида 2005 йилдан буён 157 нафар Ўзбекистон фуқароси бошпана олган.

Бу мавзуда батафсилроқ