Ҳимоячи: Улуғбек айбловларни тан олади

Image caption Улуғбек Қодиров Президент жонига қасд қилишда айбланмоқда

Америка Қўшма Штатларида ўтган йил ёзда ҳибсга олинган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодиров террорчиликда айбланмоқда.

АҚШ президенти Барак Обамани ўлдириш таҳдиди гумони билан Америкада қўлга олинган Улуғбек Қодировга расман айб қўйилган.

Алабама штати қораловчисига кўра, Улуғбек Қодиров шу мақсадда қурол яроғ ва портловчи моддаларни қўлга киритган.

Улуғбекнинг ҳимоячиси Ланс Белнинг айтишича, бугун маҳкама тингловида ҳозир бўлиши кутилаётган Улуғбек Қодиров ўзига нисбатан қўйилган айбловларни тан олиши кутилмоқда.

Мулозимларга кўра, Улуғбек Қодиров Америкага талаба визаси билан кирган, аммо ҳеч бир ўқув юртида рўйхатдан ўтмаган.

Прокурорларга кўра, Қодиров ўтган йил июл бошларида Алабама штатидаги мотелда махсус хизмат жосусидан қурол сотиб олаётган пайт ҳибсга олинган.

Агар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан қўйилаётган айблар исботланса, у 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Улуғбек Қодировдан кейин шу йил бошларида бошқа бир ўзбекистонлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак беришда гумонлар билан қўлга олинганди.

Би-би-си билан суҳбатда Жамшиднинг онаси Робия Мухторова ўз фарзандининг айбсиз эканини таъкидлаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ