Ўзбекистонлик Обамани ўлдириш режасида бўлганини тан олди

Image caption Улуғбек Қодиров 30 йилгача бўлган қамоқ жазосига юз тутиши мумкинлиги айтилмоқда

Америкадан олинган хабарларга кўра, 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодиров, “исломий террорчи ташкилот буйруғи билан президент Барак Обамани ўлдиришга тил бириктираётганлиги”га иқрор бўлган.

Ўтган июл ойида АҚШда қўлга олинган Улуғбек Қодировнинг маҳкама тинглови кеча жума куни Бирмингам маҳкамасида, президент Обама томонидан тайин этилган ҳакам раислигида бўлиб ўтган.

Ҳимоячиси Ланс Белнинг айтишича, ўзига қўйилаётган айбларга иқрор бўлиб, мижози бир умрлик қамоқ жазоси эҳтимолидан "омон" қолган.

Маҳкама тинглови тафсилотларидан аён бўлишича, Улуғбек Қодиров энди 30 йилгача қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

Бу – унинг ҳимоячиси кутганидан қарийб икки баробар кўп муддат экани айтилади.

“Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра, америкалик ҳакам Улуғбекка қамоқдан чиққач, ортга депортация этилишини ҳам билдирган.

Масъулларга кўра, Улуғбек Қодиров учта, яъни АҚШ президентини ўлдиришга таҳдид қилиш, автоматик қуролга эгалик ва террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш мазмунидаги айбларга иқрор бўлган.

Бунинг эвазига, унга қўйилаётган яна тўртта айблов олиб ташлангани айтилади.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Улуғбек Қодиров ўтган йил август ойида бўлиб ўтган маҳкама тингловида ҳимоячиси орқали ўзига қўйилаётган айбловларни рад этганди.

“Фитна”

Америкалик масъулларнинг айтишларича, президент Барак Обама сайловолди амалиётлари сабаб, жамоатчиликка кўпроқ кўриниш бераркан, Улуғбек Қодиров уни ўлдиришга уриниб кўриш масаласини муҳокама этишга киришган.

Сўнгги маҳкама ҳужжатлари тафсилотларига таянган хабарларга кўра, ўтган йил июл ойида Улуғбек шу мақсадда “Амир” номли шахс билан мулоқотга киришган.

Аён бўлишича, Улуғбек Қодиров ушбу шахснинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси эканини айтган.

Аммо масъуллар “Амир”нинг шахсини расман очиқлашмаган.

Хабарларга кўра, “Амир” , “Жўғрофий жиҳатдан ўзидан кўра яқинроқ эканини айтиб, Улуғбекдан президент Обамани ўлдириш учун қўлингдан бирор иш келадими?”, деб сўраган.

Айтилишича, шундан сўнг икковлон Барак Обамани ўлдириш йўлларини муҳокама этишган. Узоқ масофадан туриб, мерганлар милтиғидан фойдаланиш борасида ҳам сўз юритишган.

Маҳкама ҳужжатларига кўра, мерганлар милтиғининг қанчалик қиммат экани ва уни ишлатолмаслигини билиб, Улуғбек тушкунликка тушиб қолади. Шундан сўнг, АҚШ президентига яқинроқ масофадан туриб, ўқ очиш режасида тўхтайди.

"Улуғбек Қодиров ўзи учун энг муҳими президент Обамани ўлдириш бўлгани, ўзини отишадими, ўлдиришадими, бунинг фарқи бўлмаганини айтди”, дейилади маҳкама ҳужжатида.

Янги ўртоқ

Аён бўлишича, Улуғбек Бирмингамда ўзбекзабон бир ўртоқ орттиради.

Иккволон тез-тез бирга масжидга бориб турадиган бўлишади.

Маҳкама ҳужжатларида айтилишича, Улуғбекнинг ноутбуки орқали жиҳодчи веб саҳифаларга ҳам кириб туришни канда қилишмайди. .

Ўтган йил 11 июл куни икковлон яна Бирмингамдаги масжидга намоз ўқиш учун боришганида, Улуғбек дўстидан президент Обамани ўлдириш учун қўрол сотиб олиб беришини илтимос қилади.

Улуғбек Қодиров июл ойининг ўзида ҳисбга олинади.

Ҳимоячиси Ланс Белнинг айтишича, мижози қилган ишларидан афсусда ва “ўзи иқрор бўлган айбларнинг масъулиятини тўлиқ ҳис қилади”.

Америкалик прокурор Жойс Венсга кўра, Улуғбек Қодировнинг таҳдидлари ҳуқуқ-тартибот ходимлари аралашишлари даражасида жиддий бўлган.

“У режасини пишитиб, ёрдам сўраб, бошқа шахсларга чиқа бошлаган ва президентни ўлдириш учун лозим қурол-яроғларни қўлга киритаётган бўлган”, деб айтган жаноб Венс.

Улуғбекнинг айнан ўтган йил июл бошларида Алабама штатидаги мотелда махсус хизмат жосусидан қурол сотиб олаётган пайт ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Унинг АҚШга 2009 йили талабалик визаси билан келгани айтилган.

Лекин, хабарларга кўра, 2010 йил апрелига қадар бирорта ҳам ўқув даргоҳида қайддан ўтмаганлиги туфайли, Улуғбек Қодировнинг визаси ўз кучини йўқотган.

Бу мавзуда батафсилроқ