Қочқин гаров эвазига озод этилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи registan.net
Image caption Ўзбекистонлик муҳожир террорчилар сафига кирмоқчи бўлгани айтилади

Ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов гаров пули эвазига озод этилмайди.

Федерал маҳкама ҳаками бу ҳақда қарор берар экан, унинг мамлакатдан чиқиб кетиш ва бошқаларга хавф солиш эҳтимолини урғулаган.

Айбловчилар Жамшид Мухторофни террорчи гуруҳларга қўшилиш ниятида бўлганини айтишган.

Жамшид Мухторов 21 январ куни Туркияга кетаётган пайти Чикаго аэропортида ҳибсга олинган.

2 феврал куни ўтган маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган.

АҚШ матбуотининг федерал ҳимоячи Брайн Лидидан иқтибос келтиришича, Жамшид Мухторов ўзини ҳибсга олган Федерал Қидирув Бюроси жосусларига "хато қилишганини" айтган.

"Оиламни зўрға боқаётган бўлсам, қандай қилиб терроризмни қўллаб-қувватлашим мумкин?", - дея Жамшид Мухторовнинг сўзларидан иқтибос келтиради Ассошиэйтед Пресс хабар агентлиги.

Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

АҚШ Давлат Департаментининг 2005 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида маълум қилинишича, Жамшид Мухторовнинг синглиси Дилдоро Мухторова қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар оиласи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Маълумотларга кўра, Колорадо Штатида 2005 йилдан буён 157 нафар Ўзбекистон фуқароси бошпана олган.

Бу мавзуда батафсилроқ