Ҳукумат ёшларнинг турмуш қуришини назорат эта оладими?

Коллеж
Image caption Ўзбекистонда сўнгги йилларда бир ярим мингдан зиёд коллеж барпо этилди

Ўтган ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуманда маъруза қилган Президент Ислом Каримов қизларнинг касб-ҳунар коллежини битиргач, турмушга чиқиши мақсадга мувофиқ эканини айтган.

Ислом Каримовга кўра, Ўзбекистонда мажбурий таълим 12 йил қилиб белгиланган эса-да, айниқса, қишлоқ жойларида қизларни эрта турмушга узатиш одат тусига кирган.

Маориф мутасаддилари туман ва қишлоқлардаги коллежларнинг бугунги кунда ўзини оқлай олмаётгани ва битирувчиларга ҳаётда ас қотадиган касбни ўргата олмаётганини айтишади.

Бундай ўқув юртларида талабаларнинг фақат номи бору ўзи йўқлиги айтилади.

Ўзбекистон президенти 9 йиллик умумий таълимдан сўнг қизлар йигитлар билан баравар касб олишлари лозимлигини айтган.

"Умумий таълимдан сўнг одамлар мажбурий равишда касб мутахасислигига эга бўлиши керак. Қизларимиз мажбурий равишда ўғил болалар билан биргаликда 12 йиллик таълимни олиши ва 2-3 мутахассислик бўйича касбга эга бўлиши даркор", - деб айтган Ислом Каримов.

Ўзбекистонда бундан 15 йил муқаддам қабул қилинган "Кадрларни тайёрлаш миллий дастури"га мувофиқ, мамлакатда таълим ва касб ўрганиш 9+3 тизимида амалга оширилади.

Тўққиз йил умумтаълим мактабларида таҳсил олган ўқувчилар мажбурий равишда ўқиш ва касб эгаллашни махсус қурилган коллежларда давом эттиради.

Истовчилар коллеждан сўнг таълимни олий ўқув юртларида давом эттириши мумкин.

Шу мақсадда ҳар бирининг қиймати ярим миллион доллардан кам бўлмаган бир ярим мингдан кўпроқ янги касб ҳунар коллежлари барпо этилди.

Ҳозир мамлакатнинг олис қишлоқларида ҳам таълимни давом эттириш учун коллежлар барпо қилинган.

Бироқ қишлоқ аҳолиси мактаб ўқувчиларининг коллежларда ўқиши асосан ҳужжатларда бўлаётгани, ёшлар амалда ўз йўлини топиш учун турли йўналишларни танлаётганини айтишади.

Қизлар турмушга йигитлар хорижга

Қизлар асосан турмушга чиқишади, йигитлар эса иш излаб хорижга чиқиб кетишади.

Самарқанд вилоятидаги қишлоқлардан бирида дарс берувчи Шомирза ака қизларнинг турмушга чиқиши қишлоқ жойларда 17 ёшдан бошланиши ва коллежда ўқиб юрган вақтда тўй бўлиш ҳоллари ҳақида сўзлайди.

"Ҳозир ҳам шундай. Мактабни тугатиб ҳужжатларни коллежга топширади. Уйига совчи келса, қизни бериб юбораверади. Кўпларининг тўйи никоҳни тегишли органлардан қайд этмасдан бўлган. Аммо фарзандли бўлишдан олдин гувоҳнома олиш учун ҳужжат тўғирлаш керак. Шунинг учун ҳужжатларни кейинроқ тўғрилайди", - дейди Шомирза ака.

Сўнгги вақтларда таълим бошқармалари томонидан қизларнинг 12 йиллик таълимни олмасдан турмушга чиқишини назорат қилиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқилган.

Мактабда жорий этилган психолог касби эгалари мактабни битирган йигит-қизларнинг коллежда ўқишини текшириб туман халқ таълим бошқармасига хисобот ёзиб туриши керак.

"Мактабни битиргандан сўнг тўрт йилгача болаларнинг рўйхатини сўраяпти. Қишлоқдан коллежга бориб ўқиётган қизларни учинчи курсгача ўқишини ва турмушга чиқмаслигини назорат қиласизлар, деяпти. Лекин қишлоқ шароитида қизнинг отаси турмушга бераман деса, берма, деб талаб қилолмаймиз. Шундай ҳолатларда ўқитувчилар мажбур бошқармага коллежда ўқияпти, деб ёлғон ҳисобот беради," - дейди мактабда психолог бўлиб ишлайдиган Шомирза ака.

Мактаб ўқитувчиси ташкил қилинган коллеж талабга жавоб бермаслиги ва имконини топганлар фарзандини коллежга юбормаслигини айтади.

Қишлоқ марказида ташкил қилинган коллежни битириб ўз мутахассислиги бўйича ишлаётган бола йўқ.

Ўқишни давом эттиришни истаган туман ва қишлоқларда яшовчи йигит-қизлар мактабни битиргач шаҳар марказига келишга ҳаракат қилади.

Қишлоқ ва тумандаги коллежларда мутахассислик бўйича сифатли таълим берилмаслиги билан бирга талабалар пахтани ягона қилишдан тортиб уни териб олиш жараёнигача банд бўлади.

Чўл ҳудудидаги мактабларнинг бирини битирган исми ўзгартирилган Гулноза ҳужжатларни коллежга топшириб қўйган, аммо ўқишга бормайди.

"Дарс яхши бўлмайди. Фақат чопиқ, пахта, эрта баҳордан шанбалик каби ишларга олиб чиқилади. Ўтган йили коллежни биринчи қалдирғочлар битириб чиқди. Уларнинг иш билан таъминланганини эшитмадим", - дейди Гулноза.

Гулноза ҳозир коллежга боришнинг ўрнига пул тўлаб тўқувчиликни ўрганмоқда. Ҳужжатларини топширган ўқув юртида тикувчилик касби ўргатилиши керак бўлса-да, бу соҳани эгаллаган қизлар йўқ.

"Коллежда ўрганиш учун тикув машинаси керак. Лекин у ерда машина йўқ. Қизлар шунинг учун қатнамайди. Ҳозир коллежда мактаб таълими бўйича дарс ўтилади. Иккинчи ёки учинчи курсдан тикувчиликни ўргатиши мумкин, аммо бу ҳам аниқ эмас", - дейди Гулноза.

Ўзбекистонда коллежларни битирган ўқувчиларни иш билан таъминлаш мақсади-да, "Бир фермерга – бир битирувчи" лойиҳаси ҳам йўлга қўйилган.

Бу мавзуда батафсилроқ