Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: МХХ Сариосиёда олти шахсни ҳибсга олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcrussian.com
Image caption Ҳибсга олинганларга нисбатан қандай айблов қўйилгани аниқ маълум эмас

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, Сурхандарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Сариосиё тумани "Ғалаба" маҳалласида олти шахс 12 кун муқаддам Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан ҳибсга олинган.

Ташаббус гуруҳининг бошлиғи Сурат Икромовнинг айтишича, ҳибсга олинганлардан тўрт нафари бир оиланинг аъзоларидир.

Сурат Икромовнинг Би-би-си билан суҳбатда маълум қилишича, автоматлар билан қуролланган ва юзига ниқоб таққан 25 киши 8 февралга ўтар кечаси тонгги соат 3-4 ларда 97 ёшли пенсионер, 10 фарзанднинг отаси Нисбатилло ҳожи Нуровнинг уйига бостириб кирганлар ва унинг уч ўғли ва бир набирасини ҳибсга олганлар.

Шунингдек, Нисбатилло ҳожи уйида уюштирилган тинтув натижасида "Қуръон" китоби ва тўй-тамошолар тасвирга туширилган икки дона видео диск мусодара қилинган.

Сурат Икромовнинг айтишича, Нуровлар оиласининг тўрт аъзоси: Сайфулло, Саъдулло, Абдулло ва Искандар ва уларнинг маҳалладошлари Давлатов Хожиакбар, Сувонов Иноқҳожилар ўша кундан буён Миллий Хавфсизлик Хизмати Термиз шаҳар бўлимида сақланмоқда.

Сурхандарё Вилояти Миллий Хавфсизлик Хизмати ходими Би-би-сига Сариосиё туманидан бўлган "олти фуқаро"нинг, ҳақатан ҳам, Термез шаҳрида ҳибсда сақланаётганини тасдиқлади.

Бироқ, МХХ ходми уларга ҳозирда қандай айблов қўйилгани борасида қўшимча маълумот бермади.

Нисбатилло ҳожи Нуровнинг 56-ёшли ўғли Нусратулло ҳибсга олинган фарзанди - Искандар ва укалари - Сайфулло, Саъдулло ва Абдуллога ҳозирга қадар ҳимоячи тайинланмаганини айтади.

Би-би-си билан суҳбатда Нусратулло Нуров яқинларининг қийноққа тутилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирди.