Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги бир неча қишлоқни сув босган

Image caption Ҳаммасига қалин ёққан қорларнинг эриши сабаб бўлган

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги бир неча қишлоқларни сув босган.

Қор эриши натижасида келган сув сой ёқасида жойлашган бир неча қишлоқдаги 100 дан ошиқ уйларни ювиб кетган.

Бир аёлнинг сув олиб кетиши натижасида ўлгани айтилмоқда, аммо расмий манбалардан ушбу ҳалокатни тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Одамларнинг уйсиз қолгани ва вақтинчалик яқинларининг уйига чиқиб тургани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, қишлоқ марказида жойлашган коллежда ҳокимият томонидан ёрдам штаби тузилган ва айрим оилалар ушбу коллежга жойлаштирилган.

Талофат катталигидан вилоятнинг бошқа туманларида жабр чекканларга ёрдам учун иссиқ кийим ва кўрпа-тўшак йиғиш ташкиллаштирилган.

Ғаллаорол туманидаги Жума, Чўмичли, Тошкамар, Жарбулоқ, Турк ва Каризқудуқ қишлоқларини бир неча кун давомида сув босган.

Қорнинг эриши натижасида ушбу қишлоқларни кесиб ўтган чуқурлиги 6,5 метрли, кенглиги 10 метрдан зиёд сой тўлиб тошган ва 100 метрдан зиёд кенгликда оққан.

Турк қишлоғида яшовчи Аминбой аканинг уйини тунги соат 12:30 да сув босган.

Пойдеворигача сув келган ва барча ашёлар сув остида қолган.

Аминбой ака акасининг уйини эса, сув буткул ювиб кетган.

Ака-укалар уйдаги ашёларни чиқариб қолишнинг уддасидан чиққан.

“Сой тўлганидан кейин уйдаги кўчларини ташқарига чиқардик. Аммо ўзим чиқаришга улгура олмадим. Кечки соат 6:30 да сой тўлди, 12:30 тошиб кетди. Уйимнинг пойдеворигача сув келди. Акамники ва қўшнимникини бутунлай ювиб кетди. Ҳеч нарсаси қолмади. Ошхонаю молхоналари ҳаммасини сув олиб кетди”, - дейди Аминбой ака.

Қишлоқ ахолисининг айтишича, Жарбулоқ қишлоғида сув олиб кетиш натижасида бир аёл киши ҳалок бўлган.

Жума қишлоқ марказидаги коллежда қутқарув штаби тузилгани ва жабр чекканлар ушбу коллежга жойлаштирилаётгани айтилмоқда.

Раддия

Ғаллаорол туман ҳокимияти ташкилий ишлар бўлими ходими Абдували Убайдуллаев коллежда қутқарув штаби тузилгани ва туман ҳокими ўринбосари айни дамда ўша ерда бўлиб турганини айтди. Аммо жабр кўрганлар коллежга жойлаштирилганини рад этди.

Абдували Убайдуллаев туман ҳокими ўринбосари Жума қишлоғида ташкил қилинган штабда эканлигини ва барча маълумотларни ўша киши бериши мумкинлиги билдирди. Аммо ҳокимиятдан берилган телефон рақамига тушишнинг имкони бўлмади.

Турк қишлоғидан Аминбой ака жабр кўрганларга ҳокимият томонидан бирор ёрдам берилганини кўрмаган, аммо вилоят ҳокимияти ва Фавқулодда ҳолатлар вазирлигидан масъуллар келганига гувоҳ бўлган.

Уйи сув остида қолганлар ҳозир яқинлариникига чиқиб тургани маълум.

Сув тошқини бошланишидан олдин ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмаган. Аммо 2-3 кун сув тошқини давом этгандан сўнг, бошқа қишлоқ вакиллари огоҳлантирилган ва улар керакли кўчларини йиғиб, тепароққа чиқиб турган.

Талофат миқёси борасида бирор расмий маълумот йўқ. Аммо гувоҳлар 150 дан ортиқ уйнинг сув остида қолганини айтишмоқда. Вилоятнинг бошқа туманларида ушбу қишлоқларда жабр кўрганларга атаб ёрдам йиғилаётгани талафот миқёси ҳақида тасаввур бериши мумкин.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимов Жиззах тумани ҳокимияти ушбу ёрдамни йиғаётганига гувоҳ бўлган.

“Иккита қопчиқда ҳокимият биносига юк олиб кетишаётган экан. Қизиқиб сўрасам, табиий офатдан зарар кўрганларнинг оилаларига маҳаллаларда кийим-кечак йиғилаяпти дейишди. Тумандаги ҳар бир фуқаролар йиғинига кийим-кечак йиғиш бўйича топшириқ берилган экан”, - дейди Маъмуржон Азимов.

Ўзбекистон тоғли ҳудудларида баҳор келиши билан сув тошиш ва сел келиш ҳоллари тез-тез учраб туради.

Аҳоли сони ўсиб бораётган Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида одамлар асосан деҳқончилик ва чорвачилик асосида кун кечиради.

Қишлоқ аҳолиси оилаларнинг кўпайиши ортидан унумдор бўлган сел йўлларига ҳам уй солишга мажбур.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Маъмуржон Азимов одамларнинг унумдор ердан фойдаланиш мақсадида сув йўлига уйлар қуриб олаётганини ва маҳаллий ҳокимият ушбу қурилишларнинг олдини олиши кераклигини сўзлайди.

“Ҳар бир туманга топшириқ берилиши керак. Табиий офатдан зарар кўрадиган ҳолатда қурилган уйларнинг биронтасига рухсат берилмаслиги лозим. Сойнинг пастки қисмида уй қурилишига рухсат берилмаслиги керак”, - дейди Маъмуржон Азимов.

Маъмуржон ака сел йўлида фақат деҳқончилик қилишга изн бериб, аҳолини баландликдан уй солишга рағбатлантириш кераклигини таъкидлайди.

Сув тошган қишлоқларда кеча ҳам қор ёққан. Тоғ юқорисида эса эримаган қорларнинг кўплиги ва сув тошиши хавфи сақланиб қолаётгани айтилади.