Бир гуруҳ турк ишбилармонлари Ўзбекистондан чиқариб юборилди

БУМ
Image caption Turkuaz Бош Универсал Магазин биносини таъмирлаш учун 4 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфланганини айтади

Туркиялик бир гуруҳ ишбилармонлар иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Ўзбекистон давлат телевидениеси Yoshlar каналида душанба куни намойиш этилган кўрсатувда саккиз Туркия фуқароси иқтисодий жиноятларни содир этишда айбдор деб топилгани, бироқ уларга нисбатан амнистия қўллангани таъкидланади.

Аммо, Yoshlar каналига кўра, Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган бир Туркия фуқароси уч йилга озодликдан маҳрум этилган ва 15 минг долларлик жаримага тортилган.

"Уларнинг Ўзбекистондаги барча мол-мулки мусодара этилди," дея қайд этилади "Жиноят ва Жазо" номли кўрсатувда.

Туркияга чиқариб юборилган ишбилармонларнинг аксари Ўзбекистонда фаолият кўрсатган Turkuaz супермаркети ходимларидир .

Тошкент марказида фаолият олиб борган мазкур супермаркет ўтган йил 2 мартда солиқ, милиция ва махсус хизматлар ходимлари томонидан ўтказилган рейд ортидан беркитилган эди.

Ўзбекистон расмийлари Turkuaz ширкатини солиқларн тўламаслик, божхона тартибини бузиш ва яна қатор иқтисодий жиноятлар содир этишда айблаганлар.

Кўрсатувда таъкидланишича, йирик миқдордаги пора эвазига "гуруҳ жиноятларини давомли хаспўшлаб келган" бир маҳаллий солиқ мулозими 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

"Агар биз хато қилмаган бўлсайдик, бу ерда олти ярим ой ўтирмаган бўлардик," деб айтган "гуруҳнинг раҳбари" Ваҳид Гунеш телевизион суҳбатда.

Turkuaz

Turkuaz Совет даврида "Бош Универсал Магазин", халқ орасида "ГУМ" номи билан машҳур эди ва шаҳарнинг энг йирик биносида фаолият олиб бораётганди.

1992-йилда Истанбулда асос солинган Turkuaz ширкатининг асосий фаолияти Марказий Осиёда давлатларига Туркия дохил дунёнинг етакчи озиқ-овқат ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ширкатлари маҳсулотларини етказиб беришга қаратилган.

Тошкент марказида жойлашган яна бир неча йирик савдо дўконлари Turkuaz ширкатига қарашли бўлган.

Turkuaz Ўзбекистонда 500 дан ортиқ маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлаганини айтади.

Ўзбекистон Давлат Телевидениесига кўра, охирги икки йилда 54 Туркия фуқароси жиноий жавобгарликка тортилган ва турк сармояси ҳисобига фаолият юритган 50 та қўшма корхона Ўзбекистонда иқтисодий жиноятлар содир этгани учун беркитилган.

Бу мавзуда батафсилроқ