Ўзбекистоннинг сув босган минтақасида таъмирлаш ишлари бошланди

Жиззах вилояти Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Ғаллаорол туманининг биргина Жума қишлоғида камида 150 хонадон яроқсиз ҳолга келган

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани сув босган қишлоқлардаги стратегик иншоотларда тиклаш ишлари бошланган.

Уйи сув остида қолган айрим фуқаролар бошқа туманларлардаги меҳмонхона ва турар жойларга вақтинчалик жойлаштирилмоқда.

Жабр кўрганлар учун бутун вилоят бўйлаб ёрдам йиғилаётгани хабар қилинади.

Ҳокимият уйсиз қолганларга қурилиш моллари бериш орқали ёрдам кўрсатишини билдирган, аммо бу ёрдамни ҳозиргача ҳеч ким олгани йўқ.

Сув босиши ортидан яроқсиз аҳволга келиб қолган йўл ва кўприкларда тиклаш ишлари кетмоқда.

Сув босган қишлоқларнинг бирида яшовчи суҳбатдошимизнинг айтишича, айни дамда кўприк ва йўллар фойдаланиишга топширилган.

"Бузилган жойларни бошқатдан қуришяпти. Аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишаяпти. Газларнинг қувурлари узилиб кетган, муҳтожларга кўмир беришяпти. Туман марказига борадиган қилиб йўларни қайтадан таъмирлаб чиқишди", - дейди уйи сув остида қолган суҳбатдош.

Вилоят ҳокимияти корхона ва давлат муассасаларига сув тошқинидан жабр кўрганларга атаб ёрдам йиғишни топширган.

Кийим кечак, кўрпа-тўшак ва ўтин йиғилаётгани маълум.

Уйсиз қолганлар бошқа туманларга ва Жаззах шаҳридаги меҳмонхона ва турар жойларга вақтинчалик олиб келинмоқда.

Айни дамларда туман, вилоят ва вазирликдан келган масъуллар табиий офат содир бўлган жойда қароргоҳ қуриб фалокат оқибатлари баратараф этиш ва аҳолига ёрдам бериш билан машғул.

Аммо расмийлар талофат миқёси ҳақида бирор изоҳ бергани йўқ.

Воқеа жойида бўлиб турган Ғаллаорол туман ҳоким ўринбосари Асад Маматов кейинроқ қўнғироқ қилишимизни айтиб бирор маълумот бермади.

Бироқ воқеа гувоҳлари талафот миқёси катта эканлигини айтишмоқда.

Биргина Жума қишлоғида 150 уйнинг сув остида қолиб яроқсиз аҳволга келиб қолгани ва атрофдаги яна беш қишлоқда яна бир қанча уйни сув олиб кетгани айтилмоқда.

Бир қисми сув остида қолган уйларга ҳам лойқа натижасида бориб бўлмаётгани маълум.

Ҳокимият уйсиз қолганларга қурилиш молларини бериш орқали ёрдам кўрсатишга ваъда берган, аммо ҳозирча ҳеч ким қурилишни бошламаган ва ушбу ёрдамни олганлар йўқ.

"Одамлардан эшитишимча, ўша жойлардан қайтиб уй қуриш мумкин эмас эмиш, қурмайсизлар деганмиш. Ҳақиқатдан ҳам тўғри айтишаяпти. Мен сойликдан уй қурганман. Бугун шу фалокат бўлди, эртага бўлмаслигига ким кафолат беради," - дейди уйи сув остида қолган қишлоқ турғуни.

Суҳбатдошнинг айтишича, мол мулкини йўқотган одамлар тушкунлик тушиб қолмаган. Йўқ ердан шунча бор бўлди, ҳаракат қилсак яна худо беради деган ақидада келажакка умид билан қарашмоқда.

Ўтган ҳафта охирида Ғаллаорол туман марказидан 60 чақирим узоқликдаги олти қишлоқни бир неча кун давомида сув босган.

Қишлоқ аҳолиси тоғлардаги қорларнинг эриши натижасида 2-3 кун давомида уйларнинг сув остида қолганини ва кўплаб уйларни сув умуман ювиб кетганини айтганди.

Фалокат натижасида Жарбулоқ қишлоғида бир аёлнинг ҳалок бўлгани айтилган, аммо расмий манбаалар ушбу хабарни на тасдиқлашди ва на инкор этишди.

Бу мавзуда батафсилроқ