Наталя Антелава: 'Ўзбекистон ҳукуматининг журналистлардан яширадиган нарсаси бор'

Image caption Наталя Антелева 2005 йил майидаги Андижон воқеаларини ёритган

Ўзбекистон расмийлари Би-би-си журналисти Наталя Антелаванинг нима учун мамлакатга қўйилмагани юзасидан изоҳ беришмаган.

Чоршанба куни Тошкентга шахсий сафар билан учиб борган Наталя Антелава Тошкент аэропортида 20 соат мобайнида ушлаб турилган.

Журналистнинг Би-би-сига айтишича, ўзбек чегарачилари унга ва у фуқароси бўлган Гуржистоннинг Ўзбекистондаги консуллигига "Ўзбекистонга кириш рад этилгани ҳақидаги" ҳужжат нусхаларини тақдим этишган, аммо унда депортация сабаблари тушунтирилмаган.

2005 йилда бир муддат Ўзбекистонда ишлаган Наталя Антелева Би-би-сининг амалдаги мухбири бўлса-да, Ўзбекистонга фақат дўстларини зиёрат этиш учун борганини айтади.

'Қора рўйхат'

2005 йил 13 майидаги Андижон воқеаларини ёритган журналист бу воқеалардан кейин ҳам Ўзбекистонга бир неча марта сафар қилган.

"Мен бу Андижондан тайёрланган лавҳалар билан боғлиқ деб ўйламайман. Чунки Андижон воқеаларидан кейин мен кўп марта Ўзбекистонга бордим. Жумладан, иш юзасидан ҳам. Аммо бу менинг умуман журналистик фаолиятим билан боғлиқми, деган савол, албатта, ўзбек ҳукуматига берилиши керак. Менга аэропорт ходимларининг ўзаро айтишларича, мен "қора рўйхат"да эканман", - дейди журналист.

Наталя Антелеванинг айтишича, ўзбек ҳукуматининг мамлакатни ғарб журналистлари учун бутунлай ёпиб қўйишга уринаётгани Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгармаганини кўрсатади.

"Мен аэропортдан чиқа олмаганим учун Ўзбекистондаги вазият қанчалик ёмонлашгани ёки яхшилангани ҳақида бир нарса деёлмайман. Аммо мени Ўзбекистонга қўйишмаганидан айтишим мумкинки, сўз ва матбуот эркинлиги борасида яхши томонга ҳеч қандай ўзгариш йўқ".

Журналистнинг фикрича, ҳукумат журналистлар ёки Ўзбекистон ҳақида ташқи дунёга гапириб бериши мумкин бўлган одамларнинг мамлакатга киришига тақиқ қўяётган экан, демак, улардан ниманидир яшираяпти.

"Журналистларнинг ҳукумат яшираётган нарсани топиб, у ҳақда дунёга хабар бериш масъулиятлари бор. Ўзбекистонда ахборот кам ва у ердан ташқарига жуда кам маълумот чиқаяпти. Халқаро журналистларнинг мамлакатга сафар қилиб, у ерда нималар бўлаётганидан ташқаридагиларни огоҳ этишлари муҳим", - дейди Наталя Антелева.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг сўнгги пайтларда ғарбга қайтадан очилаётгани фақат Афғонистондаги қўшинларни олиб чиқиш жараёни билан боғлиқ, холос.

"Ғарб ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг, Ўзбекистондаги тузум билан бу каби шубҳали ҳамкорликдан воз кечиш эҳтимоли катта" -, дейди журналист.

Бу мавзуда батафсилроқ