"Uznews" сайти хакерлар ҳужумига учради

Image caption Сайтга ҳужумлар учинчи кун давом этган

Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилувчи мақолалари билан танилган Узнюс веб саҳифаси DDoS ҳужумига учраган.

Uznews.net асосчиси ва бош муҳаррири Галима Бухарбаеванинг айтишича, ҳужум ҳамон давом этмоқда, баъзан унинг ўзи ҳам ўз Интернет саҳифасига кира олмаяпти.

"Биз сайтимизга кирмоқчи бўлаётганлар сони ҳаддан ташқари шиб кетаётгани ёки DDoS ҳужумларни 28 феврал куни кечки соат 11 ларда сезиб қолдик. Бизнинг Интернет провайдеримиз ўз ҳолича бу ҳужумларни қайтаришга уриниб кўрди. Аммо бунга заҳиралари етмади. Сўровлар ҳаддан ташқари кўп эди ва сервер дош беролмай қолди", -дейди Галима Бухарбаева Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг айтишича, ҳужумдан сўнг сайтни бир муддат сервердан узиб, қайта улашга уринилган.

Аммо қайта уланиш чоғида ҳужумлар яна ўша шиддат билан қайтарилган.

'Яхши ташкиллаштирилган ҳужумлар'

"Компютер мутахассисларимизнинг айтишларича, ҳужумлар аниқ мақсадга йўналган ва мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда", -дейди Галима Бухарбаева.

Унга кўра, чоршанба куни кундузи ҳужумлар бироз секинлашган ва сайтни қисман тиклашга муваффақа бўлинган, аммо кечга бориб, ҳужумлар яна кучайган.

Галима Бухарбаевага кўра, ҳужумлар бир неча Осиё давлатлари, жумладан, Филиппин, Эрон, Покистон ва Қозоғистондан туриб, амалга оширилган.

Ҳужумлар ортида ким турган бўлиши мумкин, деган саволга жавоб бераркан, Галима Бухарбаева Узнюс энг кўп Ўзбекистон ҳукуматининг ғашига тегишини айтади.

Унинг техник ходимларга иқтибосан айтишича, бу каби ҳужумларни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш учун катта молия керак.

"Бунинг учун одамларни ёллаш кеарк, ҳеч ким кўнгилли равишда бу иш билан шуғулланмайди", - дейди журналист.

Унинг фикрича, ҳукуматни бу каби ҳужумларга гижгижлаган нарса ўтган ҳафта Швецияда ўзбек имоми Обидхон қори Назаровга қарши содир этилган суиқасд уриниши билан боғлиқ материаллар бўлиши мумкин.

Галима Бухарбаева ҳозирда сайтнинг фаолиятини тезроқ қайта йўлга қўйиш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини айтади.

"Ҳужумлар бизни сайтнинг хавфсизлиги ҳақида жиддий ўйлашга ундади", - дейди Галима Бухарбаева.

Узнюс саҳифаси Ўзбекистон ҳақида мустақил ахборот тарқатадиган кам сонли янгилик ресурсларидан бири.

2005 йилда асос солинган саҳифага Ўзбекистонда фақат прокси сайтлари орқали кириш мумкин.