Ўзбекистон: яна бир маҳбуснинг қийноқдан ўлгани иддао қилинди

Image caption БМТга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам қўлланади

Расмийлар "Ҳизбу Таҳрир"да айбланган тошкентлик Абдураҳмон Сагдиевнинг бошқа маҳбуслар томонидан уриб ўлдирилганини айтишган.

41 ёшли маҳбуснинг жасади 29 феврал куни ярим тунда Навоийдаги 64/46 сонли қамоқхонадан Тошкентнинг Олмазор туманидаги уйига келтирилган ва эрта тонгда тупроққа қўйилган.

Яқинларининг Би-би-сига билдиришларича, жасаднинг оёқ қисмида кўкариш излари бўлган.

"Бошқа ҳамма жойи оппоқ, ички аъзолари олиб қўйилган, биз билмаймиз нима бўлганини", -дейди марҳумнинг акаси Абдураҳим Сагдиев Би-би-си билан суҳбатда.

Расмий суд-тиббиёт экспертиза хулосасида маҳбуснинг ўлимига "ички аъзоларнинг шикастланиши ва қон кетиши" сабаб бўлгани айтилган.

Абдураҳим Сагдиевнинг сўзларига кўра, ҳодиса ортидан хонадонга ташриф буюрган Олмазор туман терроризмга қарши кураш мулозимлари маҳбуснинг қамоқхонада бошқа маҳбуслар томонидан уриб ўлдирилгани ва ҳодиса юзасидан жиноят иши очилганини айтишган.

Би-би-си билан суҳбатда яқинлари расмийларнинг фаразларини очиқдан-очиқ савол остига олишгани йўқ.

"Биз тепасида бўлмаганмиз, аммо ким томонидан бўлса ҳам уриб ўлдирилгани аниқ", - дейди марҳумнинг акаси Абдураҳим Сагдиев.

'Қийноқлар натижаси'

Ҳодиса ҳақида хабар берган Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов Абдураҳмон Сагдиевнинг қийноқлар натижасида вафот этганига шубҳа қилмайди.

"Бу каби ўлим ҳодисаси фақат қийноқлар натижаси бўлиши мумкин",-дейди у.

Ҳуқуқ фаолига кўра, расмий суд-тиббиёт экспертизасининг ўзи шундай хулоса чиқаришга асос бўлади.

"Суд-медэкспертиза хулосаси бўйича ички аъзолари ҳаммаси узилиб, кўп қон йўқотган. Бу жуда катта зарбалар бўлганидан далолат беради. Агар уни маҳбуслар шунчалик даражада урган бўлса, қамоқхона назоратчилари қаёққа қараб турган?. Бу бўлиши мумкин эмас. Ҳар қадамда назоратчи бор ва айниқса диндорлар устидан назоратнинг кучли экани ҳаммага маълум", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, Абдураҳмон Сагдиев дастлабки тергов даврида ҳам, ундан кейин ҳам қийноққа солинган.

"13 йил давомида уни мунтазам қийноққа солишган", - дейди маҳбуснинг ишини яқиндан ўрганган инсон ҳуқуқлари фаоли.

Уч фарзанднинг отаси бўлган Абдураҳмон Сагдиев 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан ҳибсга олинган ва давлат тузумига тажовуз қилишда айбдор, деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этиш ҳоллари кўп марта қайд этилган.

2003 йилда ўзбек қамоқхоналарини бориб кўрган БМТнинг Қийноқлар бўйича маърузачиси қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўтган вақт мобайнида вазиятнинг ўзгармагани, балки янада ёмонлашганини айтишади.

Уларга кўра, қийноқларнинг асосий қурбонлари диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳбуслардир.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида қийноқлар билан боғлиқ муаммо борлигини билвосита эътироф этган.

2003 йилда қийноқларга қарши кураш бўйича миллий дастур қабул қилинган, аммо мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари амалда ҳеч иш қилинмаганини айтишади.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ Қийноқлар бўйича маърузачисининг мамлакатга киришига изн бермай келади.

Бу мавзуда батафсилроқ