Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Санжар Умаров сиёсатга қайтмоқдами?

Image caption Cанжар Умаров 2009 йил ноябридан буён Қўшма Штатларда истиқомат қилади

Норасмий "Серқуёш Ўзбекистон коалицияси"нинг раҳбари Санжар Умаров Би-би-си билан суҳбатда сиёсатга қайтаётганини маълум қилди.

2005 йил майида ҳукумат Андижон шаҳрида намойишларни куч билан бостириши ортидан Санжар Умаров Ўзбекистон ҳукумати истеъфосини талаб қилган ва Ўзбекистонда ислоҳотлар ўтказишга чақирди.

2005 йил кузида ҳибсга олинди ва солиқдан бўйин товлаш ҳамда катта миқдордаги мулкни ўмариш каби бир неча иқтисодий жиноятларда айбланиб, 10 йилу саккиз ойга озодликдан маҳрум этилди.

Жаноб Умаров доимо ўзига қўйилган айбловларни доимо рад этиб келди.

Тарафдорлари узоқ йиллик қамоқ жазоси ортида Санжар Умаровнинг сиёсий фаолияти турганини урғулашди.

Санжар Умаровни бориб кўрганлар унинг соғлиғи ва руҳий ҳолатидан хавотир изҳор этишди.

"Серқуёш Ўзбекистон коалицияси" раҳбарининг қамоққа олиниши Андижон хунрезлиги сабаб ғарб ва расмий Тошкент орасидаги муносабатлар совуқлашиб, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жазо чоралари киритган бир пайтга тўғри келди.

Умрининг уч ярим йилини панжаралар ортида ўтказган жаноб Умаров 2009 йилда халқаро босимлар остида озодликка чиқарилди.

У 2009-йил ноябрида Ўзбекистондан чиқиб кетди ва Қўшма Штатларда бошпана олди.

Нигора Ҳидоятова "Серқуёш Ўзбекистон коалицияси" ташкилотчиларидан биридир.

У Санжар Умаровнинг сиёсатга қайтаётгани ҳақидаги баёнотидан таажжубга тушганини айтди.

"Мен Санжар Умаров баёнотидан жуда таажубга тушдим. Чунки, у бу ҳақда мен билан ҳеч қачон гаплашмаган. Қолаверса биз у билан анчадан буён алоқага эга эмасмиз. Шунинг учун мен буни умуман кутмаган эдим," дейди Нигора Ҳидоятова.

Ҳидоятова хоним ҳозирда сиёсий фаолиятдан четлашгани ва "невара боқиш" билан банд эканини билдирди.

Би-би-си билан суҳбатда Санжар Умаров ҳозир ҳам Ўзбекистон ичкарисида ўз тарафдорларига эга эканини айтди.

Санжар Умаров билан бўлган суҳбатни тингланг.