Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

ЎХҲ киракашларни ҳукуматга қарши норозилик билдиришга чақирди

Image caption "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" ўз сафларига мамлакат ташқариси ва ичкарисида фаолият юритувчи норасмий партия ва ҳаракатлар фаолларини бирлаштирган.

Мухолифатдаги "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" (ЎХҲ) ўзбекистонлик таксичи ва киракашларни "тезкор гуруҳларга бирлашиб", ҳукуматнинг уларга нисбатан юритаётган "ғайри инсоний" сиёсатига қарши норозилик билдиришга чақирган.

ЎХҲ ташвиқот бўлими чиқарган чақириқда қайд этилишича, ҳукумат таксичи ва киракашларни "махсус рухсатнома" сотиб олишга мажбурламоқда.

Икки йил муқаддам асос солинган "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" ўз сафларига мамлакат ташқариси ва ичкарисида фаолият юритувчи норасмий партия ва ҳаракатлар фаолларини бирлаштирган.

2012 йил январидан кучга кирган Ўзбекистон ҳукуматининг "Йўналишдаги таксилар фаолиятини тартибга солиш ҳақида"ги қарорига мувофиқ, йўловчи ташиш билан машғул одамлардан давлат лицензиясини олиш ва ўз машиналарини сариқ рангга бўяш талаб қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини бажармаган шахсларга энг кам иш ҳақининг 20дан 100 баробаригача жарима солиниши кўзда тутилган.

Қонунбузарлик иккинчи марта содир этилган пайт ҳайдовчи машинадан маҳрум этилади.

"Бу қароқчилик ва талончиликдир!" - дея таъкидланади ЎХҲ чақириғида. - "Сизлар бензин сотиб олганда йўл солиғини тўлайсизлар. Сизлар "автомобил суғуртаси"ни олганда яна пул тўлайсизлар. Яна қачонгача ва нималар учун тўлаш керак?"

Сўнгги йилларда киракашлик аҳоли ишсиз қатламларининг асосий даромад манбаъларидан бирига айланган.

Хўш, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати нима учун айнан таксичи ва киракашларга мурожаат билан чиқди?

Би-би-си ушбу савол билан ЎХҲ ташвиқот бўлими бошлиғи Намоз Нормўминга боғланди.