Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Талабаларни коллеж ва лицейга қайтариш учун милиция ёлланаяпти"

Тошкентда жойлашган фуқаролик жамияти ёш фаоллари гуруҳи мамлакат таълим соҳасидаги муаммолар борасида таҳлилий ҳисобот чоп қилган.

"Ўзбекистонда таълим тизими: муаммо ва инқирозли вазият" номли анализда, айниқса, коллеж ва лицейлардаги давоматнинг ўта пастлиги ва улардаги коррупция, таълим вазирлигининг эса бу муаммоларга эътиборсизлиги ёритилади.

"Мамлакатнинг бир қанча вилоятларида олиб борган мониторинг ва ўрганишларимиз натижаларига таянадиган бўлсак, бугунги кунда ўрта махсус таълим муассасаларида (айниқса касб-ҳунар коллежларида) энг катта муаммо бу ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиши, яъни давомат масаласидир. Ўқувчилар дарсда қатнашиш ўрнига бошқа ишлар билан шуғулланишни афзал кўришмоқда. Агарда колледжнинг битта гуруҳида ўртача 27-30 ўқувчи таълим олишини инобатга олсак, дарсда уларнинг фақат 15-17 нафари қатнашади", - дейилади унда.

Ҳисоботда ўзбек ҳукумати таълим соҳасидаги бу абгор вазиятни ҳал қилиш ўрнига, янги жазо ё назорат усулларини ўйлаб топаётгани, ҳусусан, талабаларни ўқув масканларига қайтариш учун ҳар бир коллеж ва лицейга давоматни текширадиган бир милиция ходими бириктириб қўйилаётгани айтилади.

"Самарқанд, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидан олган маълумотларимизга кўра, 2011 йилнинг декабрь ойидан бошлаб вилоятнинг шаҳар ва туманларида жойлашган профессионал коллежларнинг ҳар битта гуруҳига бир нафардан ички ишлар органлари ходимлари беркитилиб қўйилган. Милиция ходимлари ўқувчиларни дарсда қатнашиши, уларнинг дарсдан кейин қандай машғулотлар билан шуғулланиши, ижобий баҳо олиши ва ҳаттоки оилавий вазиятини ҳам назорат қилиб туришга маъсул қилиб қуйилган", - дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда коллеж ва лицейлардаги таълимнинг аҳамияти тушиб кетгани, олий ўқув юртларига кириб таълимни давом эттириш ниятидаги ёшлар эса хусусий ўқитувчилар, яъни репетиторларни ёллаб тайёрланишлари айтилади.

Номига рўйхатда турган талабалар эса қийин иқтисодий аҳвол туфайли "меҳнат муҳожирлари ва мардикорлар сафларини" тўлдираётгани урғуланади.

Фуқаролик жамияти ёш фаоллари гуруҳи ҳукуматни муаммоли вазиятни тан олиб, аниқ ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишга ва мажбурий чоралардан воз кечишга ундайди.

Би-би-си Фуқаролик жамияти ёш фаоллари гуруҳининг координатори Санжар Саидов билан батафсилроқ суҳбатлашди.