Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: аҳолига берилмаган газ ва электр учун нафақалардан ушлаб қолинмоқда

Image caption Нафақахўрлар Ўзбекистондаги ижтимоий жиҳатдан энг заиф қатлам ҳисобланади

Наманган вилоятида ҳокимиятнинг аҳолидан йўқ газ ва электр учун тўлов ундириш ҳаракати нафақахўрларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамияти тарқатган хабарда айтилишича, шу кунларда Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларида нафақаларини олиш учун маҳалла фуқаролар йиғинига борган нафақахўрларга газ ва электрдан юз минглаб сўм қарздор эканликлари айтилган.

Тўрақўрғон туманидаги Куймозор қишлоғи яшовчиларидан Комилжон аканинг Би-би-сига айтишича, нафақахўрлар ўтган йил куздан буён берилмаётган газ учун пул тўлашдан бош тортишган.

"Кампиримга газдан 230 минг сўм қарз чиқариб беришибди, битта бизмас, жуда кўпчилик. Тўлаганимиз йўқ, аммо хатга тушдинг, ўтга тушдинг, тўлаш керак барибир" , - дейди отахон.

Унинг сўзларига кўра, электр энергияси учун ҳар ой нафақалардан 15-30 минг сўм миқдорида ушлаб қолинади.

"Ҳозир ҳам уйимизда электр йўқ, эрталаб ўчган. Газ ўтган йил куздан бери йўқ", - дейди Комилжон ака.

Унинг айтишича, бутун қиш хонадон 100 боғ ғўзапояни ёқиб, жон сақлаган.

Энергия инқирози

Қаҳратон қиш бу йил Ўзбекистонда энергия инқирозига сабаб бўлган.

Расмийлар муаммо учун кўпинча аҳолининг қарздорлигини важ қилиб келтиришади.

Аммо шу йил январида "Наманганэлектросет" корхонаси мулозими Абдураҳмон Мамажонов маҳаллий матбуотдаги чиқишида тармоқдаги узилишларда аҳолини эмас, балки ҳокимиятни айблаган.

Рус тилида чоп этиладиган "Новости Узбекистана" рўзномаси мухбирининг саволларига жавоб бераркан, мулозим хонадонлар иситилмаётган бир шароитда аҳолининг электр жиҳозларидан фойдаланиши табиий эканини айтган.

"Электрнинг ўчирилишида энергетиклар эмас, балки халқни вақтида иссиқлик ва газ билан таъминламаганлар айбдор",- деб айтган Абдураҳмон Мамажонов.

АҚШда яшаётган таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтган 20 йил мобайнида гидро ва иссиқлик энергетикаси соҳасига етарли сармоя киритмаган.

"Расмий рақамларга кўра, электр энергияси соҳасига йилига 100 миллион доллардан сал кўпроқ маблағ сарфланган, бу мавжуд инфратузилмани сақлаб туриш учун ҳам етарли эмас", - дейди таҳлилчи.

Жорий йил ўткир энергия тақчиллиги Ўзбекистоннинг барча минтақаларида кузатилган.

Расмийлар Қашқадарё вилоятида аҳолининг газ ва электр тақчиллигига қарши норозилик уринишларини бостиришган, бир неча фаоллар ҳибсга оиб, жаримага тортилган.

Электр энергияси тақчиллиги сўнгги пайтларда пойтахт Тошкентда ҳам кузатилади.

Ўзбекистон парламенти таъминотчиларнинг жавобгарлигига доир янги қонуннни қабул қилган, аммо на парламент ва на ҳукумат ҳозирга қадар энергия тақчиллиги юзасидан жўяли изоҳ бермаган.

"Газини четга сотиб..."

Айрим таҳлилчилар юзага келган инқирозга ҳукуматнинг четга кўпроқ газ экспорт қилиш хоҳиши ҳам сабабчи эканини айтишади.

Уларга кўра, Россия ва Хитойга сотилаётган газнинг бир қисми ички истеъмолчилар ҳисобидан қопланмоқда.

Ўзбекистон энергия инқирози энг авжига чиққан декабр ойида Ҳитойга янги газ қувурини ишга туширган.

Янги қувур Бухорода қазиб олинаётган газни Қозоғистон худуди орқали Хитойга етказиб беради.

Расмий хабарларда газ нархи ва экспорт шартлари ҳақида маълумот берилмаган, фақат Хитой билан янги шартнома 3 минг кишини иш билан таминлаши айтилган, холос.

Асли Туркманистон газини Хитойга етказадиган қувур 2009 йил декабрида ишга туширилганди.

"Марказий Осиё-Хитой" транснационал газ қувури Туркманистон, Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитой президентлари томнидан очилган.

Марказий Осиёнинг уч давлати худудидан ўтган қувурнинг узунлиги 6000 километрни ташкил этиши айтилади.

Ушбу газ қувурининг Ўзбекистондан бошланадиган иккинчи тармоғи 2010 йил октябрида ишга туширилган.