Ўзбекистонда яна бир мустақил сайтга тўсиқ қўйилди

Image caption CA News: Ўзбекистон ҳукумати сайтни қаттиқ фильтрдан ўтказмоқда

CA News вебсайти тарқатган хабарга кўра, минтақавий янгиликларга асосланган нашр Ўзбекистонда қисман тўсиб қўйилган.

Сайт маъмуриятининг билдиришича, CA News Ўзбекистон ҳукумати томонидан "қаттиқ фильтрлаш"дан ўтказилмоқда.

Сўнгги пайтларда ўқувчилар айрим мақолаларни ўқиб бўлмаётганидан шикоят этишган.

CA News нинг изоҳ беришича, сайтнинг Ўзбекистон бўлимига кирмоқчи бўлган ва айниқса, танқидий мақолаларни очишга уринган ўқувчилар автоматик тарзда бош саҳифага йўналтирилмоқда.

"Ё-да сайтни очиш ёки ўқиш чоғида хатога дуч келингани ҳақидаги хабар пайдо бўлади", - дейилади сайт тарқатган хабарда.

Нашрнинг билдиришича, анонимайзер ёки прокси-сайтлар орқали очилганда барча мақолаларни ўқиш мумкин.

Бишкекда жойлашган Марказий Осиё Янгиликлар Хизмати - ЦАНС минтақанинг беш давлатидан рус ва инглиз тилларида тезкор хабарлар ва таҳлилий материаллар бериб боришга ихтисослашган.

Фойдаланувчилар орасида давлат идоралари, йирик ширкатлар ва хорижий давлатларнинг ваколатхоналари борлиги айтилади.

CA News дан Алёна Постелнякнинг Би-би-сига айтишича, сайт Ўзбекистонда ҳам ўзининг мухбирларига эга ва улар яширинча фаолият олиб боришади.

Унинг сўзларига кўра, охирги бир ой ичида Ўзбекистонда сайтга 43 мингдан кўпроқ фойдаланувчилар киришган.

"Одатда бир кунда 1 ярим-2 минг киши кирадиган сайтимизнинг ўқувчилари сони сўнгги кунларда тенг ярмига қисқарган",- дейди Алёна Постелняк.

Унинг айтишича, Ўзбекистонга доир танқидий мақолалар кўпроқ ўқилади.

'Интернет душмани'

Ўзбекистонда кўпгина хорижий ва мухолифат сайтларига тўсиқ қўйилган.

Шу ой бошида Россиянинг "Биржевой лидер" сайти ўз саҳифасига тўсиқ қўйилганини маълум қилганди.

Сайт маъмуриятининг айтишича, муаммолар Ўзбекистон-Россия муносабатларига бағишланган махсус лойиҳа ортидан бошланган.

Шу ҳафта қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти "Интернет душманлари"нинг навбатдаги рўйхатини эълон қилган.

Унда Ўзбекистон Эрон ва Шимолий Корея сингари давлатлар билан бир қаторга қўйилган.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон минтақада интернетга нисбатан энг репрессив мавқеъни эгаллаган давлатдир.

"Мухбир"ларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати араб инқилоблари ортидан интернет устидан назоратни янада кучайтирган ва инқилоблар муҳокама қилинган форумларга тўсиқ ўрнатган.

Бу мавзуда батафсилроқ