BBC navigation

АҚШда яна бир ўзбекистонлик террорчиликда айбланиб ҳисбга олинди

Сўнгги янгиланиш 16 март 2012 - 09:09 GMT

Айбланувчининг Филаделфия шаҳрида террор амалини тайёрлаётгани ҳақида бирон хабар йўқ

АҚШнинг Филаделфия шаҳрида асли ўзбекистонлик шахс террорчи ташкилотга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Philly.com веб саҳифаси хабар қилишича, шаҳарнинг федерал тергов бюроси 45 ёшли Бахтиёр Жумаевни пайшанба куни тонгда ҳибсга олган.

Унга Исломий Жиҳод Иттифоқи ташкилотини молиялашга ёрдам бериш айблари қўйилган.

Исломий Жиҳод Иттифоқи экстремист ғояларга эга диний ташкилот бўлиб, 2000-йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажралиб чиққан.

Ташкилот Афғонистонда хорижий қўшинларни нишонга олишдан ташқари, Олмонияда террорчилик амалини оширишга уринишда айбланганди.

Мақолага кўра, агар жаноб Жумаев айбдор деб топилса, 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши ва унга 250,000 доллар жарима солиниши мумкин.

Жумаев Филаделфия маҳкамаси қаршисида пайшанба куни илк бора кўриниш берган.

Шериклар

Федерал тергов бюроси Жумаев ва январ ойида ҳибсга олинган яна бир ўзбекистонлик, 35 ёшар Жамшид Мухторовни 2010 йилдан бери кузатиб келаётганини маълум қилган.

Терговчилар уларни шериклар деб билади ва икковлон Исломий Жиҳод Иттифоқига молиявий дастак берганига ишонади.

Мухторов Чикагонинг Охара аэропортида мамлакатни тарк этишга уринаётганда, ёнида 2,800 доллар нақд пул билан ҳибсга олинганди.

Маҳкамада ҳужжатларга кўра, Жумаев ўтган йилнинг 15 мартида Мухторовга 300 доллар юборган ва бу пул Исломий Жиҳод Иттифоқига ёрдам сифатида тўланган.

Федерал расмийлар Жумаев саккизта YouTube видеосида террорчилар ва Исломий Жиҳод Иттифоқининг асосчиларига ўз қўллаб-қувватловини изҳор қилганини билдиришди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.