Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда амнистияга мувофиқ диний маҳбуслар ҳам озод этилмоқдами?

Ўзбекистон телевидениесининг биринчи каналида мамлакат Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга мувофиқ диний сабаблар билан қамалган маҳбуслар ҳам озод этилаётгани ҳақида кўрсатув намойиш этилди.

Кўрсатув "Ҳезбу Таҳрир" ва "Нурчилар" каби ташкилотларга аъзоликда айблар билан қамалган қатор маҳбуслар билан суҳбатларни ўз ичига олган бўлиб, уларнинг эндиликда ўз қилмишларидан афсусда эканликлари айтилади.

Халқаро ташкилотлар тахминларига кўра, Ўзбекистонда диний-сиёсий айбловлар, жумладан жуда кенг қўлланадиган 159-модда, яъни конституцион тузумни ағдаришга уриниш айблови билан қамалганлар сони бир неча мингни ташкил этади.

Мустақиллик йиллари эълон қилинган 22 та амнистияга мувофиқ охирги йилларга қадар бу каби маҳбуслар деярли озод этилмай келгандилар.

Ҳозирда озод этилаётгани айтилаётган маҳбуслар салмоғи не қадар ва том маънода ҳар қатламдаги маҳбусларга таалуқли, дея айта оламизми?

Би-би-си билан суҳбатда "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятидан Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, охирги йилларда диний айбловлар билан қамалган маҳбусларнинг амнистияга мувофиқ озод этилиш ҳоллари ҳақиқатан ҳам кузатилмоқда. Лекин умумий авф этилганлар сонига нисбатан уларнинг салмоғи жуда кам.

Қатор сиёсий маҳбусларнинг яқинлари ҳам бу галги амнистиядан умид қилаётганликларини айтишганди.

Амнистия эълон қилиниши ортидан 12 йиллик жазо муддати охирлаб қолган "Эрк" партияси фаоли Муҳаммад Бекжоннинг ҳам озод этилиши борасида умидлар пайдо бўлганди.

Аммо жазо муддати сўнггида унга яна қўшимча 5 йиллик жазо белгиланди.

Муҳаммад Бекжон қамоқхона тартибини бузиш ва маъмуриятга бўйсунмасликда айбланган.