Ўзбекистон 'балиқлар мамлакати'ми?

Виктория Ивлева (Сурат lenizdat.ru саҳифасидан олинган) Фото муаллифлик ҳуқуқи NONE
Image caption Виктория Ивлева Ўзбекистон ҳақидаги мақоласини "Балиқлар мамлакати" деб номлаш ўз ғояси бўлмаганини айтмоқда

Ўзбекистонни "Балиқлар мамлакати" деб атаган россиялик журналист Тошкент ҳаво қўналғасидан ортига қайтариб юборилган.

Россиялик таниқли журналист ва сураткаш Виктория Ивлевага кўра, у ўзбек сураткашлари учун семинар ўтказиш ниятида Тошкентга келаётган бўлган.

Аммо уни Тошкент ҳаво қўналғасидан ўтказишмайди ва Россия консули билан учрашиш талабини ҳам рад этадилар.

Собиқ "Новая Газета" мухбири бўлмиш Виктория Ивлева хоним бундан 5 йил олдин ёзган бир мақоласида Ўзбекистонни "балиқлар мамлакати" деб атаган эди.

Сарлавҳа гуё ўзбекларнинг балиқдек жим бўлиб яшаётганини урғулаган ўзбек ҳайдовчисининг гапидан олинган иқтибосга таянади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳозир Москвага қайтган журналист Виктория Ивлева билан боғланиб, воқеа тафсилотларини сўради:

Виктория Ивлева: Мен Москва-Тошкент рейси билан учиб бордим ва аэропортда паспортимни бердим. У ердаги ходимлар компютерда нималарнидир узоқ текширишди. Кейин мени қанақадир бир темир қафас бор хонага олиб киришди-да, "шу ерда ўтириб утуринг, сизга тушунтиришади", деб айтишди. Мен бўлсам, "бу ерда ўтирмайман, менга Россиянинг консулини чақиринглар" деб талаб қилдим. Улар "ҳеч кимни чақирмаймиз, агар жим ўтирмасангиз, шу хонада доимий қоласиз", деб таҳдид қилишди. Тортишганимдан кейин менга депортация қилинишимни айтишди. Мен эса ҳеч қаёққа чиқмаслигимни айтиб, Россия консулини чақиринг, деб туриб олдим. Мени кутиб турган дўстларимни огоҳлантириш учун телефон сўрагандим, "бизда телефон йўқ", деб айтишди. Тўғри, Ўзбекистон унчалик бой мамлакат эмас, аммо мен божхона ходимларида телефон бўлмаслигига ишонмайман. Шундан сўнг иккита аскарни чақиришди, улар мени қўлимдан судраб, йўлак орқали йўловчилар учоққа чиқадиган дарвозага олиб боришди. Шунда йўловчилардан бирининг телефонини илтимос қилиб, ташқарида кутиб турган дўстларимга мени депортация қилишаётганини айтишга улгурдим. Шундан сўнг мени учоққа ўтқазиб, қўлимга ахмоқона бир қоғозни тутқазишди. Унда мен учун Ўзбекистонга кириш тақиқлангани ёзилганди.

Би-би-си: Нима учун тақиқланганини тушутиришдими?

Виктория Ивлева: Йўқ. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунтиргани йўқ. Мен фақат тахмин қилишим мумкин ва ўйлайманки, тахминим тўғри. Бу фақат менинг журналистик фаолиятим билан боғлиқ бўлса керак. Чунки мен сиёсат билан шуғулланмайман, Ислом ёки гиёҳванд моддалар билан ҳам шуғулланмайман. Менинг қўлимда фақат қаламим ва фотоаппаратим бор, холос. Аммо афтидан, Ўзбекистон шундай давлатки, унда қалам ва фотоаппарат учун ҳам одамни мамлакатга қўймасликлари мумкин. Бу менинг журналистлик фаолиятим, жумладан, беш йил аввал "Новая газета"да эълон қилинган Ўзбекистон ҳақидаги мақолам билан боғлиқ. Шунингдек, ўзбек фотографи Умида Аҳмедова ҳимоясига ўтказилган кампанияда қатнашганим ҳам сабаб бўлган, деб ишонаман.

Би-би-си:Сиз нима учун "Новая газета"даги мақолангизни "Балиқлар ммалакати" деб атагансиз? Уни бошқачароқ номлаш ҳам мумкин эмасмиди?

Виктория Ивлева:Биласизми, мақолага бу номни мен берганим йўқ. Бу менинг тасодифий хамроҳларимдан бирининг гапидан олинган. У ҳайдовчи эди. Умуман, ҳайдовчилар анча очиқ халқ. У мен билан суҳбатда "аввал бизни "қўйлар мамлакати" дейишарди, лекин "маъраш" мумкин эди, энди бўлса "балиқлар мамлакати" бўлдик, чунки овозимиз чиқмайди", деб айтган эди. Мақоланинг сарлавҳаси шундан олинган. Умуман олганда, бу собиқ совет давлатларига бағишланган туркум эди ва мен Ўзбекистонда ўзим кўрган ҳаётни тасвирлаганман, холос.

Би-би-си:Ўтган йил февралида Россия ҳам Кремль ҳақида танқидий мақолаларни ёзган Британиянинг "Гардиан" рўзномаси мухбири Люк Хардингни мамлакатга қўймаган эди. Шу маънода, Ўзбекистон танқидни ёқтирмайдиган ягона давлат эмас, шундай эмасми?

Виктория Ивлева: Россия Ўзбекистондан кўра демократроқ давлат эканига менинг шубҳам йўқ. Демократиянинг даражаси, энди, бошқа масала. Гарчи Россиянинг ҳам, дейлик, сўз эркинлиги борасида унча кўп мақтанадиган нарсаси бўлмаса-да, Ўзбекистон даражасида мустабид эмас. Бу - аниқ.

Би-би-си: Сизнингча, ўтган йил декабридаги сайловлардан сўнг Россияда бошланган демократия тўлқини собиқ Совет Иттифоқи давлатлари, жумладан, Марказий Осиёга ҳам етиб борадими?

Виктория Ивлева: Биласизми, менинг бунга ишонгим келади. Гарчи бу бир орзу бўлса ҳам... Афсуски, Россияда ҳамма сайловолди ваъдалари аллақачон унутилди. Агар Россия ўзида ҳеч қандай демократик ўзгариш қилолмаётган бўлса, Марказий Осиёдан қандай қилиб ўзгаришларни кута оламиз? Агар Россия сўз эркинлиги ва бошқа сиёсий эркинликлар ҳамда озод жамият сари жиддий қадамлар ташлашни бошласа, бошқа давлатларда ҳам ўзгаришлар бошланиб кетади. Чунки озодлик - табиий бир тушунча. Уни оддий одамлар қучоқ очиб, хурсандчилик билан қарши олишади. Чунки озодлик уларнинг табиий ҳуқуқларидир. Мен Ўзбекистонликларга ана шундай озодликни тилайман.