Ўзбекистон: ҳақни ошираётганлар нега халққа ҳисобот бермайдилар?

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ва вазирликлари бинолари Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳам халқ олдида ҳисобот беравермайди

Ўзбекистонда 1 апрелдан иссиқ ва совуқ сув, марказий иситиш тизими ҳақи ҳамда электр нархлари яна кўтарилади.

Шу пайтгача 1 киловатт электр қуввати учун 91 сўм тўлаган оддий одамлар апрелдан 97 сўм тўлашади.

Бу ҳақда "Ўзбекэнерго" ташкилоти эълон қилган.

Шаҳарлардаги кўп қаватли уйларга иссиқлик узатадиган "Тошиссиқликэнерго" ва "Сувсоз" ширкатлари ҳам 1 апрелдан аҳолидан кўпроқ пул йиғишга қарор қилганлар.

Иссиқ сув ўртача 15 фоиз, совуқ сув 10 фоиз қимматлайди.

Шу кунларда газ нархи ҳам ошади, деган гапларни одамлар эшитганлар.

Фақат "Ўзбекэнерго", "Тошиссиқликэнерго" ёки "Сувсоз" ширкатлари эмас, мулк шакли нодавлат деб эълон қилинган, моҳиятан эса давлат назоратидаги деб кўриладиган Ўзбекистоннинг бошқа ташкилотлари ҳам қишдан чиқиб олганларидан кейин ўзларининг маҳсулот ва хизматларининг ҳақини оширишга шошиладилар,

Лекин улар ўз даромадларининг манбаи бўлган аҳолини талаб қилинган шаклда огоҳлантиришни ўзларига эп кўрмайдилар, дейди тошкентлик журналист Сергей Ежков.

"Ҳар йили икки марта - апрел ва октябрда нархларнинг оширилиши, албатта, одамларнинг асабига тегади. Ҳаммасидан ҳам кўра, одамларни ташвишлантирадигани - ҳокимиятнинг ҳеч нарсани тушунтирмаслигидир. Янги тарифлар, янги нархлар қаердан олинаяпти? Нимага асосланган бу нарх оширилиши? Ҳукумат ўз харажатларини камайтиришнинг чорасини кўраяптими - одамлар буни билишмайди. Ваҳоланки, одатий жамиятларда ҳокимият халқ олдида ҳисобот бериши керак. Ўзбекистон конституцияси бўйича халқ ҳокимият манбаи ҳисобланади, ҳукумат эмас", дейди Сергей Ежков.

1 апрелдан Тожикистонда ҳам электр нархи оширилмоқда ва Тожик расмийлари бу ҳақда одамларни огоҳлантириб, нархларни кўтаришдан ўзга чоралари йўқлигини айтиб, узрхоҳлик намойиш этишган. Нега Ўзбек расмийлари бундай қилмайдилар?

"Ҳокимият шундай деган бўларди: биздан ҳеч ким сўраётгани йўқ, шунинг учун тушунтириш бермаяпмиз. Бу бир ҳазил. Лекин бу саволга жиддий қарайдиган бўлсак, афсуски, Ўзбекистонда жамият жуда суст, бирор бир ташаббуссиз жамият. Агар одамлар, нархни кўтаришингизга нима сабаб бўлди, деб сўрашганида, талаб қилишганида, балки расмийлар ҳисобот беришга мажбур бўлишармиди? Ҳеч ким ҳеч нарсани талаб қилмагани учун ҳам ҳокимият ўзини халқнинг хўжайини деб ҳис қилади", дейди журналист Ежков.

Би-би-си нархларини 1 апрелдан ошираётган ташкилотлардан қимматлашиш сабабини аниқлашга ҳаракат қилди.

Олинган жавоблар эса матбуот орқали ўз қарорларини жамоатчиликка етказишга қаратилган, деб бўладиган жавоб эмас эди: "биз телефон орқали маълумот бермаймиз", "бизга расман ёзма мурожаат қилганингиздан кейин жавоб олишингиз мумкин".

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳам, Ўзбекистон Монополизациядан чиқариш қўмитасининг ҳам ўз хизмати ҳақини ошираман, деган ташкилотларга гапи ўтмас экан.

Мисол учун, "Ўзбекэнерго" ширкати электр нархи Ўзбекистон Молия вазирлигининг янги реестри асосида оширилганини эълон қилган, бироқ Молия вазирлиги ўз қарорида нимага асослангани жамоатчиликка қоронғу.

Ўзбекистонда яқин кунларда ёнилғи маҳсулотларининг, бунинг ортидан эса шаҳарлардаги жамоат транспорти йўл ҳақларининг ҳам оширилиши кутилади.

Шу кеча-кундузда эса оддий тошкентликларни бозордаги картошка нархи кўтарилгани ўйлантирган.

"Ҳозир Тошкент деҳқон бозорларида бир килограмм картошка 1500-1600 сўмдан сотилаяпти. Бу қишга етарли тайёргарлик кўрилмагани, оқибатда ҳали янги картошка ҳосили етилмасдан, омборларда картошка заҳираси тугаганининг натижасидир", дейди мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистонда иш ҳақлари ва пенсиялар ўтган йили декабридан 10 фоиз оширилган, энг кам маош қарийб 63 минг, энг кам пенсия 123 минг этиб белгиланган.

Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, шу кеча-кундузда Тошкентда кичик бир оиланинг истеъмол савати 300 АҚШ доллари ёки 846 минг сўмни ташкил этмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ