'Шимолий Вазиристондаги ўзбеклар ухлаб ётган бино нишонга олинган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи v
Image caption Учувчисиз бошқариладиган учоқ ёки дронлар кўп маротаба Покистондаги ўзбекистонлик жангариларни нишонга олган

Покистоннинг Шимолий Вазиристонига қилинган учувчисиз бошқариладиган учоқ ҳужумида тўрт жангари ўлдирилган.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, ҳамма ухлаб ётган тунги соат 3 да икки ракета портлаган.

Ракеталар жангарилар турган Шимолий Вазиристоннинг Мироншоҳ шаҳридаги бинони нишонга олган.

Расмийларга кўра, 4 жангари ўлдирилган, яна бир неча киши жароҳатланган.

Мироншоҳликлар бу жойни пул алмаштирувчиларнинг дўконлари жойлашган тужжорий туман дейишади, портлаш оқибатида 5 та дўкон вайрон бўлган.

Портлашдан кейин одамлар ёрдамга шошилганлар, бироқ юзларини рўмол билан бекитган ва Калашников автоматларини тутган жангарилар одамларни қайтарганлар, вайроналар остидан яроқли буюмлар ва ҳужжатларни олишган.

Мироншоҳликларга кўра, бу одамлар Покистон Толибони аъзолари бўлганлар.

Айрим Покистон расмийларига кўра, ўлдирилган ва яраланган жангарилар ўзбекистонликлар бўлганлар.

Покистонликлар ушбу ҳужум дрон ёки Американинг учувчисиз бошқариладиган учоғидан уюштирилган ҳужум эканига ишонадилар.

Шимолий Вазиристон Покистон ҳудудидаги қавмлар назорат қиладиган 7 ҳудуддан бири ва Афғонистонга чегарадош бу бўлгани Америка ва Афғонистон расмийлари Толибон ва "Ал-Қоида" жангарилари паноҳ топган бехатар макон, деб биладилар.

Сўнгги ҳужум Покистон парламенти Афғонистондаги НАТО кучларига таъминот йўлини қайта очишни муҳокама этаётган ва Покистон ҳукумати Ўзбекистон билан жиноятчиларни топшириш ҳақидаги келишувни маъқуллаган пайтга тўғри келган.

Ўтган йили ноябрида Америка ҳаво ҳужумида 24 Покистон чегарачиси ҳалок бўлганидан кейин Покистон ўз ҳудудидан юклар ўтказилишини тўхтатиб қўйганди, ҳозирга келиб Покистон парламенти ушбу масалага қайтишга қарор қилган.

Покистон томони НАТО таъминот йўлини қайта очишдан олдин қўяётган асосий талаб учувчисиз бошқариладиган учоқлардан Покистон ҳудудини бомбалашни тўхтатиш бўлмоқда.

Покистон расмийлари бу дрон ҳужумлари қурбонларининг аксари тинч фуқаролар эканини айтадилар, буни эса Америка томони рад этади.

Айни пайтда Бош вазир Юсуф Ризо Ғелоний федерал ҳукумати Покистон билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган жиноятчиларни алмашиш ҳақидаги шартномани имзолаган.

Бу ҳақда Покистон ҳукумати расмийлари маълум қилганлар.

Бу битимни кўпроқ Покистонда қўлга олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган шахсларни Ўзбекистонга топширишни назарда тутган ҳужжат деб аташ мумкин.

Покистон расмийларига кўра, бу битим Тошкентдан ўтган йили июл ойида Исломободга борган Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати билан музокаралардан кейин имзоланган.

25-26 июл кунлари Ўзбек ҳайъати Покистоннинг Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари, Федерал Қидирув агентлиги ва Миллий Полиция бюроси раҳбарлари билан учрашувларда жиноятчиларни ватанига топшириш шартномаси лойиҳасини муҳокама қилганлар.

Шу пайтгача Покистон ўз ҳудудида қўлга олинган ўнлаб Ўзбекистон фуқароларини расмий Тошкентга топширган деб кўрилади.

Бу мавзуда батафсилроқ