АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашгани нимада кўринади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Ислом Каримов сўнги вақтларда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашганини айтган.

Тошкентда АҚШ Марказий Қўмондонлиги қўмондони Жеймс Меттис билан музокаралар чоғида гапирган жаноб Каримов, расмий хабарда айтилишича, Америка ҳарбий мулозими билан Афғонистондаги вазият ва икки томонлама ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларини мубоҳаса қилган.

АҚШ Марказий Қўмондонлиги қўмондони Жеймс Меттиснинг сафари сўнгги пайтларда Барак Обама маъмурияти мулозимларининг Тошкентга фаоллашган ташрифларининг навбатдагисидир.

2014 йилда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишга тайёрланаётган Қўшма Штатлар учун Ўзбекистоннинг аҳамияти янада ошган.

Бу ташрифлар кун тартибидаги асосий масала ҳам Афғонистондаги хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик масаласидир.

Ғарблик таҳлилчилар Обама маъмурияти Ўзбекистондаги авторитар тузум билан ҳамкорлигида асосан, ўзининг хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқаётганини айтишади.

Аммо Президент Каримов бу сафар икки мамлакат ўртасида сиёсий мулоқотнинг фаоллашганига урғу бермоқда.

Аммо бу сиёсий мулоқотнинг нима ҳақида экани қоронғу.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар Вашингтон ҳамда Тошкент ўртасидаги мулоқотнинг бир қисми эканига шубҳа қилмайди.

"Америка демократия ва инсон ҳақларини кун тартибидан олиб ташлагани йўқ"

"Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш Ўзбекистон раҳбарияти билан мулоқотларнинг асосий мавзуси. Аммо биз демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларидан ҳеч қачон воз кечмаганмиз ва бу масалалар ҳеч ҳам кун тартибидан олиб ташлангани йўқ ва биз бу сиёсатни давом эттирамиз, деб айтди бир неча кун олдин Тошкентга келган АҚШ Давлат Департаменти вакили", дейди Фарҳод Толипов.

АҚШ ҳарбий мулозимининг ташрифидан бир кун аввал Қўшма Штатларнинг Диний эркинликлар бўйича элчиси Сюзан Кук ўзбек расмийлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан мамлакатдаги диний эркинликларнинг вазиятини муҳокама қилган.

АҚШ Давлат Департаменти бир неча йилдирки, Ўзбекистонни диний эркинликлар борасида алоҳида хавотир уйғотаётган давлатлар рўйхатига киритиб келади.

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича элчисининг Ўзбекистонга ташрифи Ислом Каримов ҳукумати билан сиёсий мулоқотларнинг натижаси бўлиши мумкин, аммо Кук хоним билан учрашган инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов учрашувдан таъсирланмаганини айтади.

"Бу учрашув 1,5 соатча давом этди, биз у кишига қўлимиздан келганича мамлакатдаги диний эркинликлар билан боғлиқ вазият ҳақида етарлича маълумот беришга ҳаракат қилдик. Биласизми, бу менинг шахсий фикрим, Америка расмийларининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши, қийноқлар вазиятига охирги 2 йилда жиддий қарамаётганлари сезилаяпти. Мисол учун, Американинг янги элчиси ўтган йили Ўзбекистонга келган бўлса, мана шу пайтгача ҳам мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ўзи шахсан йиғиб учрашув ташкил қилгани йўқ", дейди Суръат Икромов.

Вашингтон республикачи президент Жорж Буш даврида Ўзбекистонни сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ундаган, аммо бу ҳеч қандай натижа бермаган.

"Демократияни ривожлантириш ўзбекистонликларнинг ўзларининг иши"

Икки давлат ўртасида 2003 йилда имзоланган "Стратегик ҳамкорлик битими"га мувофиқ, Президент Каримов ҳукумати сўз ва матбуот эркинлиги, кўппартиявийлик ва диний эркинликларга йўл бериш мажбуриятини олган эди.

Аммо Тошкент ислоҳотларни давомли равишда ортга суриб келди ва Америка 2005 йилдаги Андижон воқеалари борасида кескин баёнот бериши ортидан Президент Каримов Қўшма Штатларга Ўзбекистоннинг эшикларини ёпиб қўйди.

Ғарблик таҳлилчилар назарида ҳозирги мулоқот Ўзбекистоннинг яккаҳоким ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги маърузаларга тоқат қилмайдиган ўжар раҳбарини сиёсий ислоҳотларга ундашни истисно қилади.

Уларга кўра, Вашингтон сиёсий ислоҳотларни Ислом Каримовдан кейинги Ўзбекистон учун режалаётган бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Американинг Ўзбекистон ва минтақадаги ҳозирлиги муҳим, дейишади айрим ғарблик экспертлар.

Фарҳод Толипов бу борада яна ўзи мулоқотда бўлган юқори мартабали АҚШ мулозимининг сўзларини келтиради:

"Демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари Ўзбекистоннинг ўзи учун жуда муҳим ва демократияни ўзбекистонликларнинг ўзлари ривожлантиришлари керак. Биз фақат керак бўлган пайтдагина ёрдам беришимиз мумкин, деб таъкидлади".

Бу мавзуда батафсилроқ