Ўзбекистонда яна бир мустақил журналист устидан жиноий иш очилди

Елена Бондарь
Image caption Елена Бондарь Ўзбекистон ичкарисида фаолият юритаётган саноқли журналистлардан биридир

Ўзбекистонда яна бир мустақил журналистга нисбатан жиноят иши очилган.

Елена Бондарь миллатларо низо қўзғашда айбланмоқда.

Fergananews.com агентлиги билан ҳамкорлик қилиб келган журналист устидан қўзғатилган жиноят иши Тошкентдаги IQ Land Services номли консалтинг ширкати даъвосига асосланган.

Ўзбекистонлик талабалар ва Россиянинг Тюмень Университети ўртасида воситачилик билан шуғулланган ширкат Елена Бондарни ўз номидан миллатлараро низо қўзғатувчи мурожаатларни тарқатишда айблайди.

Айбдор деб топилгани тақдирда журналист уч йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аммо ҳамкасблари жиноят иши ортидан Еленанинг касбий фаолияти турганига ишонишади.

Fergananews.com хабар агентлиги бош муҳарири Даниил Кисловнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида қолаётган саноқли мустақил журналистлардан ҳам қутулмоқчи.

Даниил Кислов: Ўтган йили бизнинг саҳифамизга Тюмень Университетининг Тошкентдаги филиали раҳбари экани айтилган шахснинг имзоси билан бир изоҳ келиб тушди. Унда Ўзбекистонда Россия университетининг филиали таъқиб этилаётганидан шикоят қилинганди. Биз Ленадан ушбу маълумотни текшириб кўришни сўрадик. Айтиш жоизки, Лена бизнинг махсус мухбиримиз эмас. 2005 йилда бизни аккредитациядан маҳрум қилишганидан сўнг, Ўзбекистонда доимий мухбирларимиз қолмаган. Аммо у бизнинг дўстимиз ва биз билан ҳамкорлик қилиб келгани учун мен ундан мактубда айтилган университетнинг Тошкентдаги бўлимига телефон қилиб кўриши сўрадим. Аммо у боғланиб кўрганидан кейин бизга маълум бўлдики, бу қандайдир хато ёки иғвогарлик ҳаракати. Шундан сўнг биз бу мавзу билан шуғулланишни тўхтатдик, лекин айни мазмундаги мактуб интернетдаги бошқа нашрларда пайдо бўлганидан сўнг, Лена яна бизнинг илтимосимиз билан телефон қилиб, ҳамма нарса жойидами-йўқми, аниқлашга киришади. Аммо у ердагилар журналистни ҳақорат қилишади. Биз бу билан бошқа шуғулланмадик, бироқ яқинда тожик муҳожирлари сайтида бирданига Елена Бондарь ва fergananews.com агентлигига қарши бизни ҳайратга солган мақола пайдо бўлди. У Тюмень Университетининг адвокати номидан ёзилганди. Биз бунга ҳам эътибор берганимиз йўқ, токи Ленани прокуратурага чақиргунларича.

Би-би-си: Елена Бондарни фақат шунинг учун таъқиб қилишаяптими?

Даниил Кислов: Биласизми, фақат уни эмас, балки Ўзбекистондаги хорижий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилаётган барча журналистларни таъқиб қилишаяпти. Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати уларнинг ҳаммасига қарши жиноят иши очгани ўтган йили маълум бўлганди. Журналистларнинг ҳаммасини прокуратурага чақириб, жиноят ишини уларга кўрсатишган. Яъни уларнинг ҳаммаси назорат остида. Нима учун ҳозирда улар айнан бу беозор, ёш журналист қизни нишонга олишаяпти, менга қоронғу. Лена кўпинча анчайин бетараф мавзуларни ёритиб келарди. Унинг энг танқидий мақоласи, эҳтимол, Тошкент шаҳрининг қайта қурилиши ҳақидаги мақоласи бўлса керак. У сиёсий мавзуларга тегинмаган. Эҳтимол, унинг устидан, Абдумалик Бобоев ёки Умида Аҳмедоваларнинг устидан бўлганидек, бошқа журналистларга ўрнак бўладиган маҳкама жараёнини тайёрлашаётгандир.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукуматига бу каби маҳкама жараёни нима учун керак, деб ўйлайсиз. Айниқса, ғарб билан муносабатлар яхшиланаётган бир пайтда?

Даниил Кислов: Ўзбекистон ҳукуматининг мантиғи менга мутлақо тушунарсиз. Президент Каримов, қачон қарасангиз, сўз эркинлиги ва демократия ҳақида гапиргани гапирган. Ўзбекистоннинг Овўподаги шериклари эса мамлакатдан чиқариб юборилган хорижий журналистларнинг яқинда Ўзбекистонга қайтишини айтишаяпти. Менимча, бу иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас. Мамлакатда қолган бир-икки мустақил журналист таъқиб қилинаётган бир пайтда қандай қилиб бошқа журналистлар Ўзбекистонга қайтсин? Буларнинг ҳаммаси қуруқ гап ва очиқдан-очиқ ёлғон, деб биламан.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас