Ўзбекистонда 'мустақил журналистларга қарши таъқибларнинг янги тўлқини'

Image caption Муҳаммад Бекжон Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналист

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда мустақил журналистларга қарши таъқиблар кучайганидан хавотир билдирган.

Ташкилотга кўра, Президент Ислом Каримов тузуми журналистларни қўрқитишда янги ва янги усулларни кашф қилмоқда.

Сўнгги пайтларда бир неча журналистга ёзмаган мақолалари учун жиноят ишлари очилган.

"Чегара билмас мухбирлар" март ойининг сўнгги ҳафтасида бирданига икки мустақил журналист Виктор Крымзалов ҳамда Елена Бондарьга қарши олиб борилган жиноят ишларига эътибор қаратади.

Ташкилотнинг айтишича, Крымзалов ҳеч қандай далилсиз Centrasia.ru веб саҳифасида чоп этилган мақолани ёзганликда гумон қилиниб, жавобгарликка тортилган, Бондарь эса "миллий , ирқий, этник ва диний адоват қўзғаш"да айбланмоқда.

Прокурорлар Елена Бондарьни тергов билан ҳамкорлик қилиш, акс ҳолда 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши ҳақида огоҳлантиришган.

"Чегара билмас мухбирлар" март ойининг ўзида икки журналистнинг Ўзбекистонга киритилмаганини ҳам хотирлатган.

Ўзбек расмийлари Би-би-си журналисти Наталя Антелава ҳамда Россияда чиқадиган "Новая газета"нинг собиқ мухбири Виктория Ивлеваларни Тошкент аэропортидан бадарға қилишган.

Журналистларга нима учун мамлакатга қўйилмаганлари сабаби тушунтирилмаган.

Яна бир мустақил журналист Алексей Волосевич эса 28 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасига киришда паспортидаги маълумотларни ёзиб олмоқчи бўлган милиция ходимининг талабини рад этгани учун қисқа муддат ҳибсга олинган.

'Тўхтовсиз таъқиблар'

"Чегара билмас мухбирлар" ўз баёнотига Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатларини ўтаётган журналистларнинг узун рўйхатини илова қилган.

Image caption Елена Бондарь "миллий ва ирқий адоват қўзғатиш"да айбланмоқда

10 кишилик рўйхатда 1999 йилдан буён қамоқда қолаётган мухолифат нашри "Эрк" газетасининг собиқ бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон, 2010 йилда маҳкум этилган таниқли журналист ва футбол шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов ҳамда "нурчилик"да айбланиб қамалган "Ирмоқ" ойномасининг 6 нафар журналистлари бор.

"Ўзбекистон ҳукумати журналистларни таъқиб қилишни бир бошладими, кўпинча ўзини тўхтата олмайди", - дейди "Чегара билмас мухбирлар".

Ташкилот шу йил январида руҳий шифохонадан чиқарилганидан кўп ўтмай ғойиб бўлган жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовнинг тақдири борасида ҳануз ҳеч қандай маълумот йўқлигидан хавотир билдирган.

Кузатувчилар Президент Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримовнинг мажбурий даволаниш учун руҳий шифохонага ташланишини Ўзбекистондаги мавжуд тузумнинг қанчалик тоқатсиз ва шафқатсизлиги рамзи сифатида кўрадилар.

Ўзбекистон дунёдаги матбуот эркинлигининг аҳволи энг ёмон бўлган 10 та давлат қаторида, Президент Каримов эса давомли равишда "интернет душманлари" рўйхатидан жой олиб келади.

"Чегара билмас мухбирлар"нинг ўз манбаъларига таяниб, маълум қилишича, ҳозирда Президент Ислом Каримов Олмонияга сафар қилишни режаламоқда.

Ташкилот Олмония Канцлери Ангела Меркелни Президент Каримовни қабул қилишга рози бўлишдан аввал "сиёсий шартлар" қўйиш ҳақида огоҳлантирган.

Париждаги журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, қамоқдаги журналистларни озод этиш ва мустақил матбуотга нисбатан таъқибларни тўхтатиш асосий талаблардан бўлиши керак.

Бу мавзуда батафсилроқ