Ўзбекистон одам савдосига қарши курашни кучайтиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Одам савдоси қурбонларининг аксарияти меҳнат муҳожирларидир

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Мурод Асқаров маълум қилган.

Юқори мартабали ўзбек дипломатининг Нью Йоркдаги БМТ қароргоҳида ўтган анжуманда айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқароларни жиноятнинг айни туридан огоҳ этиш бўйича "кенг миқёсдаги ишлар" амалга оширилган.

Ўзбекистон вакили ҳукумат бу борада миллий дастур қабул қилгани ва уни изчиллик билан амалга ошираётганини билдирган.

Газета. уз нашри унинг одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус муассасалар ташкил этилгани ҳақидаги сўзларини келтирган.

Жаноб Асқаров Ўзбекистоннинг одам савдоси билан боғлиқ халқаро конвенцияларни имзолаганини таъкидлаб ўтган.

'Одам савдоси манбайи'

АҚШ Давлат департаментига кўра, Ўзбекистон ҳануз одам савдоси манбайи бўлган давлатлардан бири сифатида қолаётир.

Мутахассисларга кўра, ўзбекистонлик одам савдоси қурбонлари икки тоифага бўлинади.

Булар - меҳнат ва жинсий эксплуатация қурбонларидир.

АҚШ Давлат Департаментининг ҳисоботида айтилишича, ўзбек аёллари Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил, Жанубий Корея ва Тайланд сингари давлатларда фоҳишаликка мажбурланаётган бўлса, эркаклар Россия ва Қозоғистонга алдов йўллари билан олиб кетилиб, сотилмоқда.

Кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда одам савдоси муаммосини тан ола бошлагани ва унга қарши баъзи чоралар кўраётганини эътироф этишади.

Мамлакат жиноий қонунчилигига одам савдоси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган ва тарғибот ишлари кучайтирилган.

Чоршанба куни Ўзбекистон давлат телевидениесининг 1-канали аҳолини фоҳишаликдан огоҳликка чақирувчи махсус кўрсатувни намойиш этган.

Унда оила, маҳалла ва таълим муассасалари фоҳишалик деб аталмиш "ёвуз иллат"дан огоҳ бўлишлари лозимлиги таъкидланади.

Ўтган йили одам савдосига қарши курашга доир икки йиллик миллий дастур тугалланган, аммо ҳукумат унинг натижалари борасида унча кўп маълумотни ошкор этмаган.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, 2009 йилда Ўзбекистонда 1200 киши одам савдосига алоқадор жиноятларда айбдор, деб топилиб, жавобгарликка тортилган.

Аммо ҳисоботда қайд этилишича, одам савдогарларининг кўпчилиги узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилганига қарамай, амнистия қўллаб, озодликка чиқарилган.

АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон жиноий қонунчилигида кўзда тутилган жазо жиноятга мутаносиб эмаслигини айтган.

Муаммонинг илдизи

Кузатувчилар бу чораларга қарамасдан, мамлакатда одам савдоси миқёсининг камаймагани, аксига, кенгайиб бораётганини айтишади.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, муаммонинг илдизи Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, ишсизлик ва қашшоқликдадир.

"Ҳукумат катта дастурий ишларни олиб бораяпти, оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилаяпти. Лекин шунга қарамай, одам савдоси қурбонлари, мигрантлар билан боғлиқ муаммоларнинг кўлами йилдан йилга ортиб бораяпти", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Муаммони ўрганган Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, одам савдоси қурбони бўлган фуқаролар маълум вақт ўтгач, яна иш излаб, чет элларга кетишга мажбур бўлишаётир.

Гуруҳ ўтган йили Россия ва Қозоғистонда қулликдан озод қилинган 81 нафар Ўзбекистон фуқароларининг кўп вақт ўтмай, иш топиш илинжида яна ушбу давлатларга чиқиб кетганликларини аниқлаган.

"Нажот" шу ой бошида Россияга иш излаб бораётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ўз ораларидаги фирибгар ватандошларидан эҳтиёт бўлишга чақирган.

Гуруҳ чиқарган сўнгги ҳисоботда айтилишича, Хоразм вилоятининг Урганч туманидан Санкт-Петербург шаҳрига борган 10 дан ортиқ инсон ўз юртдошлари томонидан сотиб юборилган.

Бу мавзуда батафсилроқ