Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Баронесса Варси Ўзбекистонга нима учун борган бўлиши мумкин?

Британия ҳукуматининг нуфузли аъзоси, иқтидордаги консерваторлар партияси раисдоши Баронесса Варси Ўзбекистонга уч кунлик сафарини якунлаган.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига кўра, Варси хоним Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов ва Иқтисод Вазири Галина Саидовалар билан учрашган, ҳамда Олий мажлис спикери билан парламентлараро ҳамкорликни муҳокама қилган.

Саида Варси, шунингдек, Тошкентдаги Вестминстер Университети талабалари ва аёл тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказган, ва Самарқанд ва Бухорони бориб кўрган.

Британия элчихонаси ўз маълумотида Баронесса Варси ва ўзбек ҳукумати аъзолари ўртасида айнан қандай масалалар муҳокама қилинганини ошкор қилмади.

Баронесса Варсининг ўзи ҳам расмий Тошкент билан музокаралари борасида Би-би-си билан суҳбатлашишдан бош тортди.

Британиядаги таҳлилчиларга кўра, охирги вақтда Британия ҳукумати аъзолари Ўзбекистонга тез-тез сафар қилиб туришибди, бироқ айнан қандай масалалар ҳақида ўзаро келишилаётгани сир тутилмоқда.

Шу кунларда Лондонда чоп этиладиган Индепендент рўзномасида чиққан мақолада британ мудофаа вазирининг бир неча ой аввал Тошкентга қилган сафари борасида матбуотга маълумот берилмагани айтилади.

Image caption Баронесса Варсининг Самарқандда тушган сурати Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси веб саҳифасидан олинди

"Шўринг қурғур Британиянинг куни Каримовга қолди" сарлавҳали мақола муаллифига кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистон билан муносабатларнинг фаоллашишига НАТО қўшинларининг Ўзбекистон темир йўллари орқали олиб чиқилиши режалари сабаб бўлган.

Ўзбек-британ муносабатларини яқиндан кузатиб бораётган мустақил журналист Шоҳида Ёқуб ҳам шу фикрга қўшилади.

"Ўзбекистон бундан жуда яхши фойдаланиб қолиши мумкин ва фойдаланаяпти ҳам. Баъзи маълумотларга кўра, вебсайтларда айтилаяпти ва дипломатлар билан гаплашганимда, айтишаяптики, Ўзбекистон бир неча талабларни илгари сурган. Бундай талаблардан бири Ўзбекистон президентининг Британияга расмий ташрифи ва Гулнора Каримованинг Британияга элчи этиб тайинланиши", - дейди журналист.

Шоҳида Ёқубга кўра, ўзбек талаблари амалга ошиши жуда қийин бўлган талаблар ва ўзбек ҳукумати Британияни жуда ноқулай вазиятга қўйиб қўйган.

"Агар, масалан, Гулнора Каримова Британияга элчи бўлиб келса, бу Британияда ҳам ноҳукумат ташкилотлар ва ҳам матбуот томонидан жуда катта норозиликка сабаб бўлади", - дейди у.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, ўзбек ва британ ҳукумати сиёсатининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Крейг Маррей охирги пайтда фаоллашиб қолган икки томонлама муносабатлар Британия матбуотида ёритилмай қолаётганидан норози.

"Бу бизнинг давлатимиз олқишлашни истаган ташриф эмас, (мудофаа вазири Филип) Ҳаммонднинг Тошкент президенти саройидаги мармар полда тиз чўкиб туриши жуда қаҳрамонларга арзимайдиган ҳол", - дейди Маррей жаноблари ўз веб саҳифасида.

Шоҳида Ёқуб ҳам британ ҳукуматининг Тошкент билан алоқа қилишга уялаётганига қўшилади.

"Ҳозир жуда нозик вазият, бир томондан, Афғонистонда қўшинларни чиқариш керак, иккинчи томондан Ўзбекистон ҳукумати билан келишиш керак. Лекин бу келишув жараёни жуда қийин кетаяпти, жуда катта дипломатик музокаралар олиб борилаяпти. Шунинг учун Британия ҳукумати бу борада маълумот бермайди. Агар бир маълумот бўлса, шов-шув кўтарилиши мумкин", - дейди журналист.